Uncategorized

ПОРТЛАШДАН ЖАБР КЎРГАН БЕМОРЛАРНИНГ АҲВОЛИ ҚОНИҚАРЛИ

Кеча, 4 февраль куни Бухоро шаҳри Ислом Каримов кўчаси йўл ёқасида бунёд этилаётган кўп қаватли уйда портлаш юзага келган эди. Маълум бўлишича, қурилиши тугалланмаган 9 қаватли бинонинг 3-қаватидаги хонадонда газ сизиб чиқиши натижасида портлаш вужудга келган. Газни улаш талаб-қоидаларига риоя этилмаганлиги ҳамда эҳтиётсизлик шундай оқибатларга олиб келган. Қурилишга “WHITE GROUP TRADING” МЧЖ масъул бўлган.

Фавқулодда ҳолат юзага келганда кўп қаватли уйда бўлган 3 нафар, портлаш жараёнида йўлдан транспорт воситаларида йўловчи сифатида кетаётган 9 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. Улар зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб келинган.

Портлашдан жабрланган 12 нафар бемордан 5 нафари филиалнинг нейрореанимация бўлимига «Миянинг ёпиқ шикастланиши ва мия чайқалиши» ташхиси билан ётқизилди. Аҳволи ўрта оғирликда. 2 нафар бемор умумий реанимация бўлимига жойлаштирилган. Уларнинг бир нафарининг юз ва қўлларида 35 фоиз куйиш аниқланган, аҳволи нисбатан оғирроқ. Иккинчи беморда кўкрак қафасининг ёпиқ шикастланиши кузатилган, унинг аҳволи қониқарли.

Қолган беш нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатилди. Уларда ситуацион невроз (қаттиқ қўрқиш) ташхиси қўйилган бўлиб, зарур муолажалар амалга оширилгач, уйларига жавоб берилган.

Бугун нейрореанимация бўлимидаги беморлардан бирига аҳволи яхшиланганлиги учун жавоб берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan