Uncategorized

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 25 январь куни “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (ПҚ–4963, 25.01.2021) қарор имзоланди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш йил давомида амалга оширилади.

Шу билан биргаликда, узрли сабабларга кўра яъни, меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ҳамда болани парвариш қилиш таътили ва бошқа ҳолатлар бўйича аттестациядан ўтмаган педагог кадрлар иш фаолиятига қайтганларига бир йил тўлгандан сўнг аттестацияга жалб этилади.

Мазкур давр мобайнида уларнинг малака тоифаси сақлаб қолинади. Мазкур ҳолатда ўз ташаббусига кўра аттестациядан ўтмоқчи бўлган педагог кадрлар бундан мустаснодир.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил учун давлат дастури лойиҳасининг 228-бандида (http://2021.strategy.uz/) педагог ходимларга малака тоифасини бериш тизимини қайта кўриб чиқиш, шаффофлик ва автоматлаштириш асосидаги янги тизимни жорий қилиш бўйича Ҳукумат қарорини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. (бу бўйича таклиф қолдиришингиз мумкин !)

Ушбу қарорда педагог кадрлар малакасини ошириш тизимига яна қатор ўзгартиришлар киритилган бўлиб, мазкур янгиликлар билан боғлиқ ишончли маълумотлар Таълим инспекциясининг расмий телеграм канали (@uztdi) орқали танишиб боришингиз мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan