Uncategorized

Гендер тенглиги ҳақида бонг ураётганлар диққатига: “… Аризаларимни ТЕПИШ қачонгача давом этади?”

Таҳририятимизга сариосиёлик она қонунсизлик, зўравонлик исканжасидан қийналаётганини айтиб мурожаат қилди. Тўғриси, эшитганларимизга ишониб, ишонмай у яшаётган манзил “Турмушобод” маҳалласига етиб келдик. Ҳужжатларга қараганда, Сариосиё туман ҳокимлигининг 2016-йил 28-июль кунидаги №1067 сонли қарори билан деҳқон хўжалиги юритиш учун унга 0.50 га ер ажратилган экан. Ушбу қарор 2017 йилнинг 30 март кунида Сариосиё туман Ер ва ДКБ томонидан рўйхатдан ўтказилган ва унинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи расмийлаштирилиб, Баҳринисо Хаджаевага гувоҳнома берилган. Ер майдони режаси тузилиб тасдиқланган.

    

“Деҳқон хўжалиги юритиш учун менга берилган бу ер ўта тошлоқ, қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз, ҳеч кимга тегишли бўлмаган жарлик, нотекис эди”, дея эслайди Баҳринисо Хаджаева. Олий маълумотли ўқитувчи, зиёли аёлнинг машаққатлари камайиб, энди уларнинг роҳатини кўраман деганида эса “тайёрга-айёр”лар пайдо бўлади.

– Бу ерга дов-дарахтлар экиб, мева ва сабзавотлар етиштириш чораларини  кўрдим. 300 туп ток, 100 тупдан ортик олма ва бошқа  мевали дарахтларни сотиб олдим. Аммо, Нусратов Нурилло ва Жобиров Файзилло ва ўғиллари кўчатларни экишимга қўймай, ер майдонини зўравонлик қилиб эгаллаб, ўзлари ҳар хил қишлоқ хўжалиги экинларини экиб олишди. Ҳаттоки Нусратов Нурилло ўғлига уй ҳам қурдирди, – дейди у.

    

Куюниб гапирган Баҳринисо Хаджаева улардан ерни бўшатиб беришларини бир неча маротаба талаб қилгани, аммо, фойдаси бўлмаганини ҳам таъкидлади.

Шундан сўнг у Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ қабулхонасининг туман бўлимига, Сариосиё туман ҳокимлигига, туман Ер ва ДКБга бир неча маротаба аризалар билан мурожаат қилади. Сариосиё туман Ер ва ДКБ ходимлари унинг аризасини ўрганиб чиқиб, 2018 йил 20-август кунида хулоса беришди.

Аммо, ЕР ва  ДКБ мутахассиси И.Холиқов аслида Нусратов Нурилло ва Жобиров Файзиллоларни ўзгага тегишли ерларни эгаллаб олганини била туриб, мазкур хулосасида уларнинг аниқ исм фамилиясини кўрсатмасдан, ер майдони “баьзи бир фукаролар” томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини кўрсатади.

Охир-оқибат Б.Хаджаева суддан “зўравон”ларни ер участкасидан мажбурий тартибда чикаришни сурайди.

2019 йил апрель ойининг 25-кунида бўлиб ўтган судда Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган ҳал қилув қарорида жавобгарлар Нусратов Нурилло ва Жобиров Файзилло Сариосиё туман “Турмушобод” МФЙ ҳудудидаги 3к дала контуридаги даъвогар Хаджаева Баҳринисога тегишли яйлов ер майдонидаги мажбурий тарзда чиқарилсин, деб белгиланади.

Жавобгарлардан даъвогар Хаджаева Баҳринисо фойдасига 405 460 сўм тўланган давлат божи ундирилсин, деб ҳам ёзилган эди.

Бу қарор ижроси Сариосиё тумани мажбурий ижро бўлимига ўтказилиб, муддат 31.07.2019 йил соат 11.00гача тайинланди. Бироқ, ижро бўлимидан  келган бажарувчи Ш.Ашуралиев қарорнинг бирон-бир бандини ижросини таъминламайди.

– Меҳнатдан тўхтамадим, иккинчи маротаба менга кўрсатилган ерни яроқли ҳолга келтириш чораларини кўрдим. Файзилло Жобиров, Нурилло Нусратовлар эса қаршилик қилишдан тўхташмади. Ҳаттоки, бу ерни Зуҳуриддин Ниёзовга сотишга ҳам улгуришди. Аёл бошим билан жарни ўйиб, ер очиб, экин экаётганимни кўра била туриб, мен тайёр холга келтирган ерни кадастр ходими бировга ҳужжат қилиб бериши инсофданми?!

    

Баҳринисо Хаджаева бу ер масаласида кўплаб жанжаллар содир бўлгани, ҳатто уни уриб, жароҳат етказишгани, мазкур вазиятлар бўйича ҳам айбдорларга нисбатан қонуний жазо кўрилмаганини айтиб афсусланди.

Табийки, бу ҳолни кўрган Жобиров Файзилло, Нусратов Нуриллолар яна “кучайиб” кетишади. Жабрланувчининг маълум қилишича, “қонун бизга “семичка” бунча ариза киласан, қўлингдан нима келади”,  деб 2020 йил 2 июнда иккинчи маротаба сотиб олиб келиб ўрнатган устунларнинг барчасини майдалаб синдириб ташлашган.

Аёл эса яна мутасаддиларга аризалар ёзган. Суриштирувимиз якунида у бизга кўз ёш билан шундай деди:

– Инсоният бошига оғир синовли  кунлар бўлиб турган шундай вазиятда бу кимсаларнинг ғайриконуний ҳамда ўзбошимчалик ва қасддан қилаётган қилмишларига жазо йўқми?  Мана 5 йилдирки, маҳалла раисига, ички ишларга, прокуратурага, ҳокимиятга аризалар ёзаман.  Маҳаллада ҳеч бир чора кўрилмагач, юқори идораларга мурожаат этсак, яна қайтиб участка нозирига жўнатишади. “Отангга бор, онангга бор” қачонгача… аризаларимни ТЕПИШ қачонгача давом этади? Наҳотки бу зўравонларга чора кўриш шунчалик қийин иш бўлса!?

  

Ўйлаймизки, юқоридаги ҳолатга нисбатан Мажбурий ижро бюроси, Сурхондарё вилоят ИИБ, Сариосиё туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ва бошқа алоқадор мутасаддилар тегишли чора кўришади. Минбарлардан айтилаётган гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳақида бонг ураётганлар ҳам масалага эътибор қаратишса яхши бўларди.

Тилка-пора

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan