Абитуриент ЖАМИЯТ ИЛМ-ФАН ЎЗБЕКИСТОН

ОТМларда анъанавий таълимга қачон қайтилиши борасида изоҳ берилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Ҳолиқов ОТМларда ўқишнинг анъанавий шаклига қачондан ўтилиши масаласига тўхталди.

«Айни пайтда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ОТМларда ўқишни қайси шаклда олиб бориш масаласини кўриб чиқмоқда. Лекин олий таълимни мактаб билан солиштирганда, фарқ бор. ОТМларда ўқийдиган талабаларнинг кўпчилигида ётоқхоналарда яшашга эҳтиёж бор. Бу эса ўз-ўзидан улар ўртасида оммавий йиғинларни келтириб чиқаради ва карантин қоидаларига риоя қилиш қийинлашади», – деди Абдували Ҳолиқов 21 сентябрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Вазирлик расмийсининг қайд этишича, бу борада янгилик бўладиган бўлса, бу тезлик билан эълон қилинади.

«Бундан ташқари, туманларда интернетга кириш имконияти йўқ талабалар учун марказлар ташкил этиляпти ва талабаларнинг онлайн таълим олиши учун имконият яратиляпти», – деди у.

Магистратура имтиҳонларининг жавоби 25 сентябрдан кейин чиқади

Абдували Ҳолиқов магистратурага кириш имтиҳонларининг натижалари қачон эълон қилиниши ҳақида ҳам маълумот берди.

«Эртага, 22 сентябрь куни тестга узрли сабаблар билан кела олмаган абитуриентлардан имтиҳон олиниши режалаштирилмоқда. Бу имтиҳон ўтса ва апелляция жараёнлари ўтказилса, кейин мандат эълон қилинади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги ОТМларда магистратура имтиҳонларининг тахминий жавоби 25 сентябрдан кейин чиқади», – деди вазирлик бошқармаси бошлиғи.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan