Ўзбекистонда сурункали алкоголизмга қарши фармакологик восита давлат рўйхатидан ўтказилиб, ҳуқуқий муҳофазага олинди.

«Сурункали алкоголизмни даволовчи восита» номли янги ихтиро давлат рўйхатидан ўтказилди ва ИАП 8081-сонли патент билан ҳуқуқий муҳофазага эга бўлди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълумотига берди.
Алкоголизм инсонда спиртли ичимликларга патологик иштиёқ, руҳий ва жисмоний қарамлик билан кечадиган касаллик ҳисобланади. Янги восита айнан шу муаммони бартараф этиш мақсадида яратилган.
Ихтиро тиббиётнинг бир нечта йўналишларида, жумладан, фармакология ва наркология соҳасида қўлланиши мумкин. Асосий вазифаси алкоголизмнинг I ва II босқичида самарали даво бериш ҳамда унинг қайта такрорланишини олдини олишдир.
Мутахассислар фикрича, бундай патентнинг олиниши илмий ишланмалар муаллифларини ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ ҳимоя қилади. Бу эса уларнинг ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиб, ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилади. Шу билан бирга, ихтиро эгаси ундан иқтисодий манфаат кўриш имконига эга бўлади.
Адлия вазирлиги аҳолини янги ихтироларини расмийлаштиришга чақирар экан, аризаларни im.adliya.uz портали орқали онлайн тарзда топшириш мумкинлигини эслатди.