30 август куни Покистоннинг бир неча ҳудудларида кучли муссон ёмғирлари ёғиб ўтди. Бу ҳақда “Даилй Тимес” хабар берди.

Лахор шаҳрида ёмғир ёғиши билан бирга тоғли Мурри ҳудудида ҳам кучли жала кузатилган. Маҳаллий ҳокимият пастликлардан иборат ҳудудларда сув тошқинлари юз бериши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Ёмғирлар Абботобод, Наровал, Ферозвала, Бахавалпур ва бошқа ҳудудларга ҳам зарар етказган. Кўплаб пастқам жойларда сув тўпланиб, электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган. Айрим ҳудудларда кучли шамол сабаб электр узатиш линиялари узилиб, шаҳарлар зулматга чўккан.
Лахорда чақмоқ уриши оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Ферозвалада эса уйнинг томи қулаб тушиши оқибатида аёл киши вафот этган. Яна уч киши жала оқибатида тан жароҳати олган. Қутқарувчилар зарарланган ҳудудларда аҳолига ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
Покистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2 сентябргача ёмғирлар давом этишини маълум қилган. Ҳокимият аҳолига эҳтиёт бўлишни, бунданда талофатли об-ҳаво шароитига тайёр туришни тавсия қилмоқда. Баъзи заиф ресурсларга эга бўлган ҳудудлар учун эвакуация режаси ишлаб чиқилган ва ёрдам кўрсатиш чораларини амалга ошириш давом этмоқда.
Умуман олганда, Покистонда муссон ёмғирлари ёз бошидан бери тўхтовсиз ёғмоқда. 700 га яқин киши табиий офатнинг қурбонига айланган.
Қайд этиш жоиз, Покистон иқлими тез-тез ўзгариб турадиган давлатлардан бири ҳисобланади. Минтақада сўнгги йилларда тобора кўпроқ экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилмоқда. Масалан, 2022 йилда муссон ёмғирлари туфайли мамлакатнинг учдан бири сув остида қолган эди ва ўшанда қарийб 1700 киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида юз берган кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Президент Асиф Али Зардарий ва Бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллаганди. Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.