Собиқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқовнинг фикрича, Россия-Украина уруши инвесторларнинг минтақадаги стратегик активларни сотиб олишга бўлган қизиқишини пасайтирган. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги аксар давлат банкларида фойданинг капиталга нисбати паст, муаммоли активлар фоизи юқори.

Ўзбекистон молия вазирининг собиқ ўринбосари Одилбек Исоқов “Лолазор” подкастида давлат банклари трансформацияси, уларнинг хусусийлаштирилиши ва соҳадаги ҳозирги жараёнларга тўхталди. Унинг сўзларига кўра, банклар трансформацияси чўзилиб кетаётгани бежиз эмас, бунга бир нечта сабаблар бор.
“Россия–Украина уруши ҳудудимиздаги инвесторларнинг стратегик обектларни сотиб олишга қизиқишини камайтирди. Бундан ташқари, 20–25 йил олдин бўлгани каби катта банклар энди янги бозорлардан банк сотиб олишмаяпти. Ўша пайтда Кореядан, Европадан, Қозоғистондан банклар кириб келган эди. Бу уларга бизнесини кенгайтириш ва рискини диверсификация қилиш имконини берган. Ҳозир эса улар учун бу манфаатли эмас”, — деди Исоқов.Унинг фикрича, бугун банкни сотиб олувчи кам ва сотув жараёни мураккаблашган. Шунга қарамай, трансформация жараёни тўхтамайди.
“Давлат банкларида рентабеллик паст”
Исоқовнинг таъкидлашича, 2018–2019 йилларда бошланган ислоҳотлар муайян натижа берган бўлса-да, ҳали кўп ўзгаришлар қилиш керак.
“Гап 7 йилнинг камлигида эмас, балки банклар раҳбарларига қўйилаётган КПИъларда. Хусусий банкларда фойданинг капиталга нисбати 30–35 фоиз, баъзида ундан ҳам юқори. Давлат банкларида эса айримлари салбий, фақат 2–3 тасида 10 фоиздан юқори кўрсаткич бор. Бу кўрсаткичларни ошириш шарт. Шунингдек, муаммоли активлар фоизи 2–3 атрофида ушлаб турилиши зарур. Капитал етарлилиги ҳам муҳим – банклар ҳозир 15–16 фоизни ушлаб турибди”, — дея изоҳ берди собиқ вазир ўринбосари.
Исоқов иқтисодиёт ўсаётганини, банкларнинг фойдалилигини ошириш учун имкониятлар мавжудлигини қайд этди. Шу билан бирга, давлат топшириқлари банклар фаолиятининг тижорат қисмини чекламаслиги лозимлигини таъкидлади.
“Давлат топшириқлари билан 2–3 та блок ишласин, қолган блоклар эса пул топиш билан шуғуллансин. Шунда трансформацияни муваффақиятли якунлаш мумкин бўлади”, — деди у.
“Банк тизими 80–90 фоиз давлат қўлида бўлмаслиги керак”
Исоқовнинг сўзларига кўра, кўп мамлакатларда давлат банклари сони жуда кам.
“Банк тизимининг 80–90 фоизи давлатга тегишли бўлмаслиги керак. Қозоғистонда ҳам 1–2 та ривожланиш банки бор. Лекин бу давлат биз учун яхши мисол эмас, чунки инқироз даврида бир нечта давлат банклари ёпилган. Бизда қарорга кўра, учта банк давлат ихтиёрида қолади: Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк ва Агробанк. Қолганларини барибир хусусийлаштириш керак. Бу ИПО ёки маҳаллий инвесторларга сотиш орқали бўладими – барибир, банк тизимини консолидациялаш вақти келди”, — дея хулоса қилди Исоқов.
Давлат банкларини сотиш кечиктирилиши
Жорий йилнинг июл ойида ҳукумат бир қатор давлат банкларини сотишни яна кечиктирди.
“Ўзсаноатқурилишбанк”ни хусусийлаштиришнинг якуний босқичи 2025−2026 йилларга, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Туронбанк”ники эса 2026−2027 йилларга мўлжалланяпти. Шу билан бирга “Миллий банк”, “Агробанк”, “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” ва “Бизнесни ривожлантириш банки” устав капиталларидаги давлат улушини 2028 йилгача сотиш режалаштирилмаган.
Маълумот учун, мамлакатдаги иккинчи йирик банк ҳисобланган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш режалаштирилганди. Шундан сўнг 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, аммо бу амалга ошмади.