ХАБАРЛАР

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2025-йилда 8,78 млрд долларга етди

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2025-йилда 8,78 млрд долларга етди

Пекинда 2 давлатнинг 700 дан ортиқ тадбиркорлари ҳамда йирик корхоналар вакиллари иштирокидаги форум бўлим ўтди.Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи доирасида кенг кўламли Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Хитой ва Ўзбекистоннинг 700 дан ортиқ тадбиркорлари ҳамда йирик корхоналари вакиллари иштирок этди.

Форумга Ўзбекистон томонидан бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Хитой томонидан Халқаро савдони ривожлантириш бўйича кенгаш раиси ўринбосари Ли Тсиншуа раҳбарлик қилди. Жамшид Хўжаев ўз нутқида кейинги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, сармоявий муҳитни яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ли Тсиншуа эса Хитой томонининг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан юқори манфаатдорлигини таъкидлаб, саноат кооперацияси, энергетика, логистика ва агробизнес соҳаларида янги лойиҳалар муҳимлигини айтиб ўтди.
“Биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни янада ривожлантирмоқчимиз. Бизнинг компания узоқ йиллардан бери қурилиш ишлари билан шуғулланиб келади. Ҳозирда Ўзбекистондаги бир қатор обектлар қурилишида қатнашяпмиз. Мақсадимиз Ўзбекистонни янада чиройлироқ, янада замонавийроқ бўлишига ҳисса қўшиш”, дейди Пенг Паи, Оверсеас Энгинееринг компаниясининг бош директори.

Пекиндаги Ўзбекистон-Хитой Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Яо Жун, шунингдек, Ҳебеи Логистиcс Индустрй Гроуп бош директори ўринбосари Чжан Югуй, Энерги Чина компаниясининг Евросиё минтақавий ваколатхонаси вице-президенти Занг Пангwен, Шангҳаи Арт Фаир халқаро кўргазмасининг бош менежери Чжан Қин, Тиенс Гроуп директорлар кенгаши раиси Ли Юниан ҳам Хитой ва Ўзбекистон ўртасида савдо ва иқтисодий алоқалар ривожланаётганини таъкидлади.
Форумда қатнашган Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги директори Мансур Расулов, “БА Ҳолдинг” бош директори Гулбаҳор Тожимирзаева, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Самиев, Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимовлар лойиҳаларни тақдим этиб, Ўзбекистон ҳудудлари сармоядорларни фаол жалб этиш ва Хитой билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидладилар.
“Ҳозирда хитойлик тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонга жуда катта қизиқиш билдирилмоқда. Айниқса, туристик, тиббиёт йўналишларида. Бугунги форумда ҳам 600 дан ортиқ Хитой тадбиркорлари қатнашаётгани бу фикрни тасдиқлайди. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам уларнинг қизиқишини қўллаб-қувватлайди, ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз”, дейди Акром Василов, тадбиркор.
​Маълумот учун, 2024-йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13,07 миллиард долларни ташкил этди, экспорт эса 6,3 фоизга ўсди. 2025-йилнинг январ-июл ойлари якунларига кўра эса, товар айирбошлаш ҳажми 8,78 миллиард долларга етган.
“Форумда хитойлик тадбиркорлар жуда фаол бўлиб, Ўзбекистон бозорига киришга катта қизиқиш билдирмоқда. Форум доирасида Тошкент шаҳар ҳокимияти хитойликлар билан умумий қиймати 4 млрд АҚШ доллари бўлган инвестицион шартномалар имзолади. Айниқса, Хитой компаниялари билан савдо-кўнгилочар марказлар, меҳмонхоналар қуриш бўйича тузилган битимларни ҳам алоҳида таъкидлашни истаган бўлардим. Шунингдек, хитойликлар Тошкент шаҳри инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳалар — дренаж тизимини модернизация қилиш, йўл ўтказгичлар қуришга ҳам катта қизиқиш билдиришган”, дейди Шароф Раҳмонов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари.

2011-йилдан бошлаб ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитаси, жумладан, саккизта кичик қўмита фаолият юритаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бугунги кунга қадар унинг еттита мажлиси бўлиб ўтган бўлиб, охиргиси 2024-йил 13-май куни Тошкентда Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири ўринбосари Лю Гожонг иштирокида ўтказилди.
2017–2024-йилларда Хитойнинг Ўзбекистонга киритган сармояларининг умумий ҳажми 24,6 миллиард долларни, жумладан, 2024-йилда рекорд даражадаги 10,4 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йил бошидан буён 5,7 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилинган бўлса, 2025-йил охирига қадар 15 миллиард доллардан ортиқ маблағни ўзлаштириш режалаштирилган. Биргина 2024-йилнинг ўзида 1,9 миллиард долларлик 64 та лойиҳа ишга туширилди.

2025-йил 1-2-июн кунлари Самарқанд шаҳрида 800 дан ортиқ Хитой компаниялари иштирок этган иккинчи Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форуми муҳим воқеа бўлди. Натижада 10 миллиард долларлик инвестиция шартномалари ва савдо шартномалари имзоланди.
“Пекин бизнес-форуми доирасида икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатларини алмашиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Форум якунлари Ўзбекистон ва Хитойнинг савдо-иқтисодий, саноат ва сармоявий соҳаларда стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйишга интилаётганини тасдиқлади, бу эса ҳамкорликда ривожланиш ва минтақавий ва жаҳон бозорларида ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун кенг истиқболларни очади”, Абдулла Азизов, Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan