Президент абитуриентларни олийгоҳларга қабул қилиш тартибини кенгайтириш, битирувчиларни ишга жойлаштириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.

Президент Шавкат Мирзиёев абитуриентларга берилган имкониятларни янада кенгайтириш ташаббусини билдирди. Энди 5 та олийгоҳни танлаб, бирортасига киролмаган абитуриентнинг тўплаган балли бошқа олийгоҳдаги бўш ўринга мос келса, ректор уни контракт асосида қабул қилиши мумкин бўлади. Бу давлат ва хусусий олийгоҳлар ўртасида соғлом рақобатни кучайтиради.
Давлат раҳбари ҳозирда ишсиз бўлган 92 минг битирувчини ишга жойлаштириш йўналишларини белгилади. 20 минг битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассисликка, яна 20 минг нафар стаж талаб этилмайдиган иш ўринларига жойлаштирилади. Бизнес-инкубаторлар орқали 15–20 минг ёш тадбиркорлик, маркетинг, дизайн ва АТ хизматларига жалб этилади.
Саноатнинг кимё, энергетика, геология, автосаноат, металлургия ва фармацевтика тармоқларида 10 минг мутахассисни, тўқимачилик, чарм, электротехника ва қурилиш материалларида 5–7 минг кадрни доимий ишга қабул қилиш имконияти бор. Қолаверса, транспорт, логистика, қурилиш ва коммунал соҳаларда 6 минг, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва маданият муассасаларида 10 минг битирувчи банд қилинади.
Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун банкларга 300 миллион доллар ресурс ажратилди. Ишга қабул қилинган битирувчилар сонига қараб тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит берилади. Агар битирувчи 2 йил ичида ишдан бўшатилса, кредит фоизи тижорат ставкасига ўтказилади. Бу тартиб сўнгги 3 йилда олийгоҳ тугатган ёшларга ҳам татбиқ этилади.
Йиғилишда уюшмаган ва тарбияси оғир ёшлар билан ишлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мутасаддиларга 9 минг ёшни замонавий касб ва тилларга ўқитиш, 31 минг ёшни тўгараклар ва спорт тадбирларига жалб қилиш вазифаси юклатилди.