ДУНЁ

Қирғизистонда ОАВларга мажбурий рўйхатдан ўтиш талаби қўйилди: халқаро ҳамжамият бу қонуни «хавфли» деб атади

Расмийлар эса қонун ОАВнинг мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли бўлишини таъминлашга хизмат қилади, дея таъкидламоқда.

Sadir japarov smi

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 25 июнь куни парламент томонидан қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги янги қонунни имзолади. Расмийлар бу қонун ОАВнинг мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли бўлишини таъминлашга хизмат қилади, дея таъкидламоқда.

Асосий ўзгаришлар қуйидагилар:

  • Мажбурий рўйхатга олиш: Энди барча ОАВ — газеталар, телеканаллар, интернет сайтлари ва блоглар Адлия вазирлигининг махсус реестрига киритилади.
  • Рухсат тартиби: Қайси ОАВ ишлашига рухсат бериш ёки рад этиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди. Бу орқали ҳукумат ОАВ устидан кўпроқ назорат ўрнатади.
  • Ахборот манбаларини яшириш ҳуқуқи: ОАВ ахборот манбаларини ошкор қилмаслик ҳуқуқига эга бўлади. Фақат суд қарори билан бу маълумотлар очиқланиши мумкин.
  • Хорижий сармоя чеклови: Чет эллик инвесторлар Қирғизистондаги ОАВда 35 фоиздан ортиқ улушга эга бўла олмайди.

Янги қонундаги мажбурий рўйхатдан ўтиш талаби аввалги вариантдан тубдан фарқ қилади. Илгари ихтиёрий рўйхатдан ўтиш ҳақида келишув бор эди — бу ОАВлар ва ҳукумат ўртасида муросали ечим ҳисобланган. Эндиликда эса ҳар қандай оммавий ахборот воситаси (газета, телевидение, блог, сайт) фаолият бошлаши учун мажбурий равишда рўйхатдан ўтиши керак бўлади.

Бу эса ОАВлар устидан назоратни кучайтиради ва сўз эркинлигига хавф туғдириши мумкин.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, бу қонунни хавфли деб ҳисобламоқда. Улар президент Садир Жапаровни қонунга вето қўйишга (яъни, уни рад этишга) чақирган.

Медиа экспертларнинг фикрича, рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш тартиб-таомиллари ижро ҳокимияти ихтиёрига берилмасдан, қонунда аниқ тартибга солиниши керак. Суиистеъмолчилик ва сиёсий босимга йўл қўймаслик учун қоидаларни белгилаш ва ўзгартиришда жамоатчилик ва парламентнинг шаффофлиги ва иштирокини таъминлаш тавсия этилди.

Бундан ташқари хорижий юридик шахслар ва ташкилотларга 35 фоиздан ортиқ улушга эга бўлишни тақиқлаш ўрнига, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ахборот майдонида турли фикрлар бўлиши (плюрализм) ва бозорнинг бир томонлама назорат қилинишининг (монополиянинг) олдини олишга қаратилган очиқ ва адолатли қоидаларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, ОАВ эгаларининг тўлиқ очиқ бўлиши – яъни, кимга тегишли экани аниқ кўриниб туриши – ва асосий фойда олувчилар (бенефициарлар) рўйхатдан ўтказилиши тавсия қилинмоқда. Бу эса оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончни оширади ва ҳукумат ҳамда жамиятга ким ва қандай ОАВларга эга экани устидан назорат қилиш имконини беради.

Politic Central Asia сайтига кўра, охирги йилларда Қирғизистонда матбуот ва интернет эркинлиги тобора чекланмоқда. Қабул қилинган қонунлар буни яққол кўрсатмоқда. Хусусан,

  • Туҳмат, ҳақорат ёки «сохта хабарлар» учун катта миқдорда жарималар белгиланди.
  • Tik-Tok ва порнографик сайтлар тақиқланди.
  • «Болаларни ҳимоя қилиш» ниқоби остида «ноанъанавий жинсий муносабатлар» ҳақида ахборотлар ҳам тақиқланмоқда.
  • 2025 йил августдан бошлаб халқаро интернет-трафик устидан давлат монополияси ўрнатилади — бу эса интернетдан эркин фойдаланиш имкониятларини янада чеклаши мумкин.

Ўзбекистонда ОАВ ларни рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай?

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини (ОАВ) рўйхатдан ўтказиш тартиби «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонун ва унга тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Мамлакатда газета, журнал, ахборот бюллетени, ахборот агентликлари, телевидение ва радиоэшиттириш тармоқлари ҳамда интернет-нашрлар ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. Рўйхатдан ўтиш учун юридик ёки жисмоний шахс Адлия вазирлигига ёки унинг ҳудудий бошқармасига ариза билан мурожаат қилади. Аризада нашр ёки эшиттириш воситасининг номи, йўналиши, тили, тарқатиш ҳудуди, чиқиш даврийлиги, таҳририят манзили ва эгаси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Шунингдек, давлат божи тўланади. Мурожаат Адлия органлари томонидан кўриб чиқилиб, бир ой ичида қарор қабул қилинади. Рўйхатдан ўтгач, ОАВга белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади ва у қонуний асосда фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қонунчиликда интернетда ахборот тарқатадиган сайтлар ва блоглар учун рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас, бироқ улар ихтиёрий равишда ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Рўйхатдан ўтган интернет-нашрлар қонуний ҳимоя, журналист аккредитацияси, расмий ахборот олиш ҳуқуқи каби имтиёзларга эга бўлади. Шунингдек, рўйхатдан ўтган ОАВлар судларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кучлироқ асосга эга бўлади. Аксинча, рўйхатдан ўтмаган ахборот ресурслари оммавий ахборот воситаси сифатида тан олинмайди ва улар учун қонуний ҳимоя даражаси паст бўлади. Шу сабабли, қонуний фаолият юритиш истагидаги ахборот воситаларининг рўйхатдан ўтиши тавсия этилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan