
9 сентябр, душанба куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг «Таълим ҳар нарсадан устун» («Education Above All») фонди ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда афғон аёлларини Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўқитишни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланган.
Қайд этилишича, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиш режалаштирилмоқда.
«Ўқув дастурлари Ўзбекистондаги тажрибали тиббиёт мутахассислари томонидан олиб борилиб, аёлларнинг касбий кўникмаларини оширишга хизмат қилиш билан бирга уларнинг ўз ватанидаги тиббиёт соҳасига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга ҳам катта таъсир кўрсатади», – дейилади хабарда.
Лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини, жумладан, афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 миллион доллар миқдоридаги молиявий ёрдамни Қатар томони ўз зиммасига олган.