ЖАМИЯТ

Давлат чегараларини муҳофаза қилиш ва контрабанда таҳдидларига қарши чегара қўшинларининг саъй-ҳаракатлари


Бугунги глобаллашув шароитида мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларининг жадаллашуви билан бир қаторда, ноқонуний фаолиятлар — хусусан, контрабанда ва товар-моддий бойликларни ноқонуний йўллар билан олиб ўтиш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий хавфсизлиги ва ҳудудий дахлсизлигига таҳдид солувчи омиллардан бири саналади.

         Айнан шундай шароитда давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш, контрабанда фаолиятига қарши курашишда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари муҳим рол ўйнамоқда. Чегара қўшинлари томонидан чегара ҳудудларида доимий суриштирув ишлари олиб борилмоқда, хавфли ҳудудларда техник назорат воситалари ўрнатилмоқда ҳамда юқори тайёргарликка эга мобил гуруҳлар фаолияти кучайтирилмоқда.

         Сўнгги йилларда чегара қўшинлари замонавий техник воситалар, дронлар, инфрақизил камералар ва электрон кузатув тизимлари билан таъминланмоқда. Бу эса контрабанда ва ноқонуний кириб келиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш имконини бермоқда. 2024 йилда чегара ҳудудларида ўтказилган махсус рейдлар давомида юзлаб ноқонуний ўтказилмоқчи бўлган контрабанда товарлари мусодара қилинди, бир қатор жиноят гуруҳлари фаолиятига чек қўйилди.

         Бундан ташқари, Чегара қўшинлари божхона органлари, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мунтазам тарзда чора-тадбирлар олиб бормоқда. Бу тизимли ёндашув контрабанда таҳдидларига қарши кураш самарадорлигини оширмоқда.

         Чегара ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳушёрлиги, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, чегараларни муҳофаза қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, давлат хавфсизлигини таъминлашда фақат расмий тузилмаларгина эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятли ёндашуви ҳам ҳал қилувчи рол ўйнайди.

         Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Чегара қўшинлари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда ва ноқонуний фаолиятларга қарши курашишда олдинги сафларда турибди. Уларнинг матонати, профессионаллиги ва фидойилиги туфайли давлат чегараларининг дахлсизлиги ҳар томонлама ҳимояланмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan