ЖАМИЯТ

ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИГА ТАҲДИД: ГИЁҲВАНДЛИК ВА ҚУРОЛЛАР КОНТРАБАНДАСИГА ҚАРШИ КУРАШ – БУГУНГИ КУН ТАЛАБИ

Бугунги глобаллашув даврида халқаро миқёсда хавфсизликка таҳдид солаётган асосий омиллардан бири бу — гиёҳванд моддалар ва оқ отар қуролларнинг ноқонуний айланишидир. Ушбу жиноят турлари нафақат давлат чегараларининг дахлсизлигига, балки жамиятнинг ахлоқий, соғлом ва барқарор ривожланишига ҳам катта хавф туғдирмоқда.

         Гиёҳванд моддалар контрабандаси – жиноятчилик, терроризм ва коррупсия каби бошқа оғир жиноятлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган мураккаб жиноят тармоғидир. Бу воситаларнинг ноқонуний муомалага кириши биргина истеъмолчилар саломатлигини барбод қилиш билан чекланмайди, балки мамлакатдаги ижтимоий барқарорлик, ёшлар тарбияси ва меҳнат унумдорлигига ҳам путур етказади.

         Шу билан бирга, ўқ отар қуролларнинг ноқонуний айланмаси террорчилик ва қуролли тўқнашувлар хавфини кескин оширади. Ҳар қандай давлат учун бу – ички хавфсизликка ва миллий суверенитетга бўлган таҳдиддир.

         Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларида божхона ва чегара қўшинлари томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳар йили юзлаб контрабанда ҳолатлари фош этилмоқда. Хусусан, охирги йилларда мамлакатимизда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида кўплаб гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар мусодара қилинмоқда.

         Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246, 270 ва бошқа моддаларига асосан бундай жиноятлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Гиёҳванд моддаларни қонунга хилоф равишда олиб ўтиш ёки уларни тарқатиш 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади. Ўқ отар қуролларни ноқонуний сақлаш, олиб кириш ёки сотиш эса оғир жиноят сифатида баҳоланади.

         Контрабандага қарши курашда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки бутун жамият фаол бўлиши лозим. Аҳолининг ҳушёрлиги, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва мафкуравий иммунитети баланд бўлиши – бу йўлдаги энг муҳим омиллардандир.

         Мактаб ва олий таълим муассасаларида мунтазам равишда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, профилактика суҳбатлари ёшларни бу иллатларнинг нақадар хавфли эканидан хабардор қилишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.

         Гиёҳвандлик ва қурол контрабандаси – бу оддий жиноят эмас, бу – жамиятнинг эртанги кунига таҳдид солувчи муаммолардир. Унга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. Бугун бу йўналишда давлат томонидан яратилган ҳуқуқий асослар, хавфсизлик тизимларининг замонавийлашуви ва халқаро ҳамкорлик чоралари ижобий самара бермоқда.

         Аммо муаммонинг илдизига болта уриш учун ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги, онгли қарорлари ва қонунга ҳурмати талаб этилади. Зеро, тинчлик – ҳар биримизнинг ҳаракатимиздан бошланади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan