ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Қашқадарёдаги газ заправкада 4 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги АГТКШнинг ёқилғи сақлаш резервуарида содир бўлган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ёнғин кўлами ва етказилган зарарлар миқдори аниқланмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида ёқилғи сақлаш резервуарида содир бўлган ёнғин юзасидан Жиноят кодексининг 205- (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Қайд этилишича, тегишли соҳа мутахассислари иштирокида ёнғин кўлами ва етказилган зарарларнинг миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши доирасида суд-тиббий, ёнғин келиб чиқишини аниқлаш бўйича суд-кимёвий, биология, криминалистика ва ёнғин техникавий экспертизалари тайинланди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Кўкдала туманида газ қуйиш шохобчасида портлаш, унинг ортидан ёнғин юзага келган, 4 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan