Биз турли мақсадларда қилинадиган сафарнинг турларини баён қилдик. Демак, инсонлар тижорат мақсадида ёки илм талабида ёки ибодат (ҳаж, умра) ниятида ёки зиёрат учун сафар қилганларида, албатта, доимий ҳаракатда бўладилар. Айни ҳаракатлар кишига, шубҳасиз, моддий, ақлий, руҳий ва жисмоний қувват ва тетиклик беради. Шу билан бирга, мусофирчиликнинг заҳматлари ҳам бошдан кечирилади. Халқимизда бир нақл бор: “Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб”. Яна: “Ўқиган бошқа, уққан бошқа”, дейдилар. Дарҳақиқат, яхшилик қилиш ва яхши хулқли бўлишни китоблардан ўқиган, бошқалардан эшитган бошқа, буни ҳаётда амалий жиҳатдан бажарган мутлақ бошқадир. Мисол тариқасида, “очга таом бермоқ ва чанқаганга сув бермоқ савоб”, деймиз. Муборак ҳадислар буни бизларга таълим беради. Буни барча эшитган билади. Аммо бундай ишни умри давомида бирор маротаба амалга оширмаган киши бу яхшилик эвазига бериладиган савобни мутлақ ҳис қила олмаслиги аниқ. Бунинг учун у айни ҳолатга, ўзи бир муддат бўлса-да, тушиб кўрмоғи лозим. Унга эса бу борада динимиз кўрсатмалари ёрдам беради.
Сафар қилишга тарғибдан мақсад ҳам кишининг сафар давомида кўрган-кечирган ҳолатларидан ижобий таассурот олмоғига ва ҳаётда меҳрибон ва ҳимматли бўлишга эришмоғидир.
Зеро, “сафар”нинг яна бир маъноси, سَفَر яъни “кашф этмоқ, кўрсатмоқ”дир. Чунки кишининг ўз жойида хулқларининг ёмонлиги кўзга ташланмаслиги мумкин. Сафар давомида кўпгина яхшиликларни ўрганиш билан бирга, ўзининг баъзи ёмон хулқларини ҳам сезиб қолади. Дейлик, сабрсизлик, инжиқлик, қўполлик каби ножўя хулқларини ҳам пайқаб қолиб, кейин уларни тузатиб, яхши фазилатларга алмаштиришга ҳаракат қилади.
Солиҳ зотлардан бири ҳазрат Бишр Хофий бундай деган:
“Эй зоҳидлар жамоаси! Саёҳат қилинглар, яхшилардан бўласизлар, чунки сув оқса, яхши бўлади. Агар сув бир ўринда кўп турса, ўзгаради (бузилади)”.
Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ҳам айни маънодаги сўзлари бор:
Мен сувнинг туриб қолганин кўрдим, у ҳидланган.
Агар у оқса тоза бўлур, агар оқмаса, хушбўй бўлмас.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисларининг давомида: “Ғазот қилинглар, бой бўласизлар”, дея васият қилган эканлар. Албатта, ғазот бу – Аллоҳ таоло йўлида мужоҳададир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Эй имон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан қутқарадиган бир “тижорат”га далолат қилайинми? (Ўша «тижорат» шуки) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига имон келтирурсиз ва Аллоҳ йўлида молларингиз ва жонларингиз билан жиҳод қилурсиз. Мана шу, агар билсангиз, ўзларингиз учун яхши (иш)дир. (Агар шундай қилсангиз, Аллоҳ) сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилур ҳамда сизларни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга ва абадийлик боғларидаги покиза масканларга киритур. Бу эса улкан ютуқдир. (Аллоҳ сизларга) яна бошқа сизлар суядиган (бир неъматни ҳам берурки, у) Аллоҳ томонидан бўлажак ғалаба ва яқин(да рўй берувчи) фатҳдир. (Эй Муҳаммад!) Мўминларга (мана шу) хушхабарни етказинг!» (Саф, 10–13).
Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки: “Аллоҳ йўлида от миниш дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир. Сизларнинг бирингизнинг қамчисининг жаннатдаги ўрни дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир” (Муттафақун алайҳ).
Мужоҳада тўрт қисмдан иборат:
- Нафсга қарши.
- Шайтонга қарши.
- Куфр аҳлига қарши.
- Мунофиқларга қарши.
У Макка фатҳидир. Бу воқеа ҳижратнинг саккизинчи йили рўй берди. Макка аҳли қуролли тўқнашувсиз ўз ихтиёри билан Исломни қабул этди.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)