“Эшитдингларми? Шеробод туманида давлат хизматлари марказининг янги биноси иш бошлабди. Бориб кўрдим, одамлар учун барча қулайликлар яратилган. Бинонинг чиройлилигини айтмайсизми”. Бу шерободликлар ўртасидаги гурунгдан парча эди…
Ҳақиқатан ҳам, истиқлол байрами арафасида туман давлат хизматлари маркази фаолият юритадиган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши шерободликлар учун муносиб совға бўлди.
Ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган мазкур бинода аҳоли учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, замонавий дизайн асосида жиҳозланган кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, кафе ташриф буюрувчилар хизматида.
Ушбу марказда хорижий инвесторлар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш зали, туманнинг инвестициявий салоҳиятини намойиш этувчи ахборот экранлари билан ҳам жиҳозланган.
Шунингдек, фуқаролар мазкур бинонинг ўзида нотариус, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими хизматларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Марказда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Шеробод туман қабулхонаси, туман Адлия бўлими ҳам жойлашган.