
Ер участкаларини хусусийлаштириш учун ариза берувчилар ер участкаси жойлашган тегишли ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига ўзлари келган ҳолда мурожаат қиладилар ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЙИДХПда рўйхатдан ўтадилар.
Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари марказлари ариза тўлдирилган вақтдан бошлаб реал вақт режимида уни «Ерхусусийлаштириш» ААТ орқали туман (шаҳар) қурилиш бўлими ҳамда Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалига, шунингдек, кичик саноат зонаси ва ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкалари бўлган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияга келишиш учун юборади.
ЙИДХП орқали мурожаат қилинганда, ариза автоматик равишда «Ерхусусийлаштириш» ААТ орқали туман (шаҳар) қурилиш бўлими ва Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиалига, шунингдек, кичик саноат зонаси ва Ёшлар саноат зоналари ҳудудидаги ер участкалари бўлган тақдирда, Дирекцияга келишиш учун юборилади.
Бунда Дирекция бир иш куни ичида кичик саноат зонаси иштирокчиси ва Ёшлар саноат зоналари ёш тадбиркорлик субъекти томонидан ер участкаси негизида шартномада белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилганлиги ёки бажарилмаганлиги ҳамда лойиҳада кўрсатилган қувватда фаолият кўрсатилаётганлиги тўғрисида хулоса тақдим этади.
Хулосада кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудидаги ер участкалари улардан фойдаланиш мақсадига кўра саноат зоналарининг бош режаси, улар жойлашган аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режалари, аҳоли пункти қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳалари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва қуришга доир бошқа ҳужжатларидан келиб чиқиб, ер участкасини хусусийлаштириш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисида маълумот кўрсатилади.
Туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими беш иш куни ичида аризада кўрсатилган ер участкаси жойлашган ҳудуднинг (аҳоли пункти ёки улар орасидаги ҳудудни) ривожлантиришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш тўғрисидаги ҳамда уларни қуриш ҳақидаги тасдиқланган ҳужжатларга ер участкаси жойлашувининг мувофиқлигини кўриб чиқади.
Давлат кадастрлари палатаси туман (шаҳар) филиали ариза тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида қуйидагиларни ўрганади:
ер участкалари бўйича топографик режанинг мавжудлиги;
аризада кўрсатилган ер участкаси ва ҳуқуқ эгаси тўғрисидаги маълумотларнинг Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги маълумотларга мувофиқлиги;
хусусийлаштирилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгаси ҳақидаги маълумотларнинг ушбу ер участкасида жойлашган бино ва иншоотларнинг мулкдори ҳақидаги маълумотларга мувофиқлиги;
хусусийлаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларига нисбатан тақиқнинг ёки хатловнинг мавжудлиги;
ер участкаси жойлашган жойга чиққан ҳолда ер участкаси чегараларини кадастр ҳужжатлари маълумотларига мослигини аниқлаш.
«Ерхусусийласнтириш» ААТ аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ариза келишилганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотни ўз ичига олган хабарномани шакллантиради ва уни ЙИДХП ёки Давлат хизматлари маркази орқали ариза берувчига юборади.
Ариза келишилган тақдирда, Ягона биллинг тизими «Ерхусусийласнтириш» ААТ маълумотлари асосида хусусийлаштирилаётган ер участкасини сотиб олиш учун ҳисобварақни шакллантиради ва хабарномага илова қилади ҳамда тўланган маблағлар ҳисобини юритади.
Ариза берувчи тўлов юзасидан хабарномани олган кундан бошлаб ўн иш куни ичида ер участкасини хусусийлаштириш учун тўловни амалга ошириши зарур.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма ва давлат ордери автоматик равишда хабарнома берилади.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ҚР-код қўйилган электрон ҳужжатлар аслига тенглаштирилади.
Ф. Қаршиева. Термиз туман Адлия бўлими Давлат хизматларимаркази катта мутахассиси