Субсидия — ипотека кредитлари асосида квартира сотиб олиш учун бошланғич бадал ва кредит фоизининг бир қисмини ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобвараққа ўтказилган маблағ.

• Ариза берувчи — ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.
• Даромади юқори бўлмаган фуқаро ёки оила — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланиши мумкин бўлган ўртача ойлик даромадлар миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,7 бараваридан 8 бараваригача ва Тошкент шаҳрида белгиланган МҲТЕКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлган оилалар.
Субсидия олиш учун ариза бериш тартиби
• Ариза берувчи ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
• Ўзи келиб мурожаат этганда, Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда Низомга мувофиқ давлат хизматидан фойдаланиш учун анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради.
• Зарур ҳолларда ариза берувчининг алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар тоифасига мансублигини тасдиқловчи ҳужжатлар (фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришганлигини, турли мусобақалар, танловлар ёки олимпиадаларнинг совриндори бўлгани ёхуд меҳнат жамоасида алоҳида намуна кўрсатганини тасдиқловчи ҳужжатлар) Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этилади.
• Ариза берувчидан юқорида кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни ҳамда анкета-аризада қайт этилган маълумотлардан ташқари бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари нотариал тартибда тасдиқланган ишончнома асосида бериши мумкин.
Давлат хизматлари маркази ва ЯИДХП орқали кўрсатиладиган хизматлар ва марказ томонидан тегишли ташкилотларга сўров юбориш орқали маълумотларга аниқлик киритиш тўловларсиз (бепул) амалга оширилади.
Ариза берувчи томонидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун ариза йил давомида топширилиши мумкин.
Малика Файзуллаева, Термиз шаҳар адлия бўлими ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори