
Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган конференцияда иштирок этади. Бу ҳақда The Economic Times нашри хабар берди.
Қайд этилганидек, Ҳиндистон ҳукумати бундай тадбирни биринчи марта ўтказмоқда.
Бўлажак йиғилиш терроризмга қарши курашнинг самарали механизмлари ва транзит транспорт йўлакларини оптималлаштириш масалаларига бағишланади, алоҳида эътибор «Шимол-Жануб» халқаро транспорт коридори (ITC) ва Чабаҳор портига қаратилади.
Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлаги имкониятларидан ҳозирданоқ фаол фойдаланиб, Эроннинг Чабаҳор порти орқали Ҳиндистонга юк жўнатмоқда. Ҳиндистон, шунингдек, табиий ресурслар, жумладан, муҳим минералларни харид қилишни кўпайтиришга интилади.
Хабар қилинишича, муҳокаманинг асосий мавзулари терроризмга қарши кураш ва хавфсизлик масалалари бўлади. “Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари минтақавий барқарорликка потенциал хавф туғдирувчи экстремистик тенденцияларнинг кучайиши мумкинлигидан умумий хавотирда”, – дея таъкидлайди нашр.