
Қарши туманида шаръий никоҳ асосида яшаб келган эр-хотин 8 кунлик чақалоғини 190 млн сўмга сотмоқчи бўлиб, пулнинг 45 млн сўмини олганда ушланди. Судда улар бу маблағга уй сотиб олмоқчи бўлганини айтди. Эркак 5 йилга қамалди, аёлга нисбатан 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судида 8 кунлик чақалоғини сотмоқчи бўлган эр-хотинга ҳукм ўқилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 53 ёшли Б.Қ. (эркак) ҳамда 35 ёшли М.А. (аёл) қиз фарзандини 190 млн сўмга сотмоқчи бўлган. Суддаги кўрсатмасида эр-хотин ушбу пулга уй сотиб олмоқчи бўлганини айтган.
Суд ҳукмида келтирилишича, 1971 йилда туғилган, 7 фарзанднинг отаси бўлган эркак бу аёл билан ўзи қоровул бўлиб ишловчи корхонада шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келган. Улар 25 февраль куни қиз фарзандли бўлган.
5 март куни чақалоқни сотиб олмоқчи бўлган фуқаро эркакнинг уйига борган. Ота келишилган пулдан 45 млн сўмини олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.
Жиноят ишлари бўйича туман судининг 28 июндаги ҳукми билан ота-она Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилди. Эркакка 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, аёлга эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.