ҲУҚУҚ

Меҳнат низолари бўйича комиссия тузиш мумкин

Меҳнат кодексининг 547-моддасида айни масаланинг асоси қайд этилган. Яъни, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги келишувга кўра, меҳнат низолари бўйича комиссияни тузиш назарда тутилган.

Меҳнат низолари бўйича комиссиялар ташкилотларнинг таркибий бўлинмаларида тузилади. Якка тартибдаги меҳнат низолари эса ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг меҳнат низолари бўйича комиссияларида жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда аниқланадиган ушбу комиссияларнинг ваколатлари доирасида кўрилади.

Меҳнат низолари бўйича комиссиялар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳар бир тарафдан вакиллар сони тенг бўлган ҳолда, тенг ҳуқуқлилик асосида тузилади.

Меҳнат низолари бўйича комиссия тузиш тўғрисида ёзма шаклда таклиф олган иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўн кунлик муддатда ўз вакилларини комиссияга юбориши шарт. Комиссия аъзолари тегишли касаба уюшмаси қўмитасининг қарори ҳамда иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссиянинг сон жиҳатидан таркиби ва ваколатлари муддати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида келишилган ҳолда тасдиқланадиган бошқа ички ҳужжатда белгиланади.

Комиссия иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида тасдиқланган низом ёки бошқа ички ҳужжат асосида иш юритади.

Комиссия фаолиятини ташкилий техник жиҳатдан таъминлаш иш берувчи томонидан амалга оширилади. Иш берувчи ходимнинг розилиги билан унинг зиммасига комиссия фаолиятини ташкилий техник жиҳатдан таъминлаш учун масъул шахс вазифаларини юклатиши мумкин.

Б.Санаев, Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманларо суди судяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan