Ижтимоий тармоқларда, ваҳимали ёлғон маълумот тарқатган айбдорга жарима жазоси тайинланди
Айни кунларда халқимиз бирдамликда, ҳамжиҳатликда коронавирус инфекциясига қарши курашмоқда. Бунда тадбиркорлар ҳам фаоллик кўрсатиб, ўз ташаббуслари билан аҳолига ёрдам қўлини чўзмоқда. Улар томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти.
Хусусан, 2020 йил 23 март куни Ангорлик тадбиркор Усмон Эшмуродов томонидан ҳам 46 та оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилган эди. Аммо, бу жараённи нотўғри талқин қилиб, “Ўзбекистонда сахийлик учун берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш жараёни видео тасвирга олингандан сўнг қайтариб олинмоқда”, деб изоҳ берилган ҳолда Б.И томонидан тасвирга олиниб, турмуш ўртоғи И.Ж томонидан ижтимоий тармоққа тарқатиб юборилган эди.
Мазкур ҳолат бўйича жорий йилнинг 25 март куни Ангор тумани маъмурий судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Олиб борилган суриштирув ва гувоҳларнинг берган кўрсатмаларига асосан ҳуқуқбузар Б.И туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатганлиги аниқланди ва унга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан 3.345.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Халқимиз азалдан ҳақиқат адолат томонда бўлиб келган. Табиийки, бугунги мураккаб вазиятда ёлғон маълумотлар тарқатиб, ўзи таниган, билган кишиларни бадном қилишга уринган бу кимсалар маҳалла куй, қўни-қўшнилар олдида ҳам уятга қолдилар. Бу воқеиликдан эса албатта барчамиздан бирдек огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этади.
Аслиддин Болтаев
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
бошқарма прокурори