Қонунларимизда белгилаб қўйилганидек ҳар бир ота-она фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг таълим-тарбияси ҳамда моддий таъминоти учун масъул. Афсуски орамизда ўзининг ана шу бурчини унутиб қўяётганлар ҳам йўқ эмас.

Куни кеча Термиз тумани “Орол” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд жараёнларида шу каби алимент тўловларидан қасддан бўйин товлаган икки нафар қарздор оталарнинг иши кўриб чиқилди.
Туманда яшовчи Олтибой Жўраев суд буйруғига асосан вояга етмаган уч нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши лозим бўлса-да, қарздор ота жами бўлиб 17 миллион 395 минг сўм алимент қарзини тўлашдан бош тортиб келганлиги аниқланди.
Шунингдек, бир йил муқаддам қарздор отага нисбатан алимент пулини тўлашдан бўйин товлагани учун жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлса-да ўзига тегишли хулоса қилмасдан фарзандларининг таъминотига бефарқ муносабатда бўлгани учун 9 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Худди шу каби Мажбурий ижро бюроси Термиз туман бўлими томонидан қўзғатилган яна бир жиноят иши сайёр судда кўриб чиқилди.
Туманнинг “Гулбаҳор” маҳалласида яшовчи Чори Эшматов ҳам бир нафар фарзандининг таъминоти учун йиллар давомида йиғилиб қолган 46 миллион сўмдан ортиқ алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги учун суднинг ҳукми билан 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, фарзандлар таъминоти учун алимент қарздорлиги Мажбурий ижро бюросида ташкил қилинган махсус жамғарма ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.
Шуни унутмаслик керакки, бу билан ушбу шахслар зиммасидаги алимент қарздорлик соқит бўлмайди.
Нурали Маҳмудов, Бюронинг Термиз туман бўлими давлат ижрочиси