Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлат Сативалдиев Термиз шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари билан учрашди

“Раҳбар ва ёшлар” учрашувида полковник Пўлат Сативалдиев Қуролли Кучларимиз ташкил топишининг ҳуқуқий асослари, армияни шакллантиришда босиб ўтилган машаққатли йўл, Қуролли Кучлар тузилиши ва таркиби ҳамда ўзининг ҳаёт йўли ҳақида айтиб ўтди ва кўзлари чақнаб турган юртимизнинг келажакдаги ҳимоячиларини қутлаб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда халқимиз тарихига ва маънавий қадриятларига юксак ҳурмат туйғусини шакллантириш, Ватан ҳимоясига, унинг миллий хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъминлашга доимо шай туришга ҳамда ҳарбий хизматни ўташга тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш натижасида ёшларни ҳарбий хизматга қадар тайёрлашнинг тизимини янада ривожлантиришга эришилганини эътироф этди.
Шундан сўнг, мактаб ҳудудида ўқувчи ёшларга Термиз гарнизони ҳарбий оркестри Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари билан кўтаринки кайфият улашди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти техникалари ҳамда Термиз гарнизони ҳарбий хизматчилари замонавий қурол-яроқларининг кўргазмали намойиши ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир якунида жараёнларда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар қўмондонлик томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда китоблар жамланмаси билан тақдирланди.
III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони.