
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация 3-7 сентябрь кунлари ташриф билан АҚШда бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ТИВ хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер, Нью-Йорк мэри Эрик Адамс, АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гари Питерс, Жаҳон банки вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда АҚШнинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказган.
Музокаралар чоғида турли йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ташриф доирасида ахборот-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Aмерика IТ-ассоциацияси TechBridge лойиҳасига старт берилди.

Ўзбекистон делегацияси АҚШ Конгресси кутубхонаси биносида давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда ҳам иштирок этган.

