ЖАМИЯТ

Келин фарзанди билан уйга киритиб қўйилди

Карима бўлажак турмуш ўртоғи Бобур (исм шарифи ва жой номлари ўзгартирилган) билан аҳду-паймон қилишади ва 2020 йилда элга дастурхон ёзиб, қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришган.

Улар Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйда 2022 йил май ойига қадар низоли уйда яшаган. Бу орада эса бир нафар фарзанди дунёга келади.

2022 йил май ойида оилавий жанжал сабаб ҳомиласи тушиш хавфи билан ота-онасининг уйига даволаниш учун келган Карима даволаниб, ўғил фарзандни дунёга келтиради.

Ҳомиладорлик даврида ота уйида бўлганида қайнонаси унга бир неча бор телефон қилиб “Уйга қайтиб келсанг киритмайман!” деб қўрқитади. Кариманинг соғлиғи яхши бўлмаганлиги, фарзанди ёш бўлганлиги  ва қайнонасидан қўрққанлиги сабабли келинлик уйига бормайди.

Ҳозирда Карима вояга етмаган фарзанди билан ота-онасининг уйида яшаб келмоқда, уларнинг яшаши учун бошқа бошпанаси йўқ. Карима ва Бобурнинг эса ўзаро муносабатлари яхши, шунинг учун ҳам оиласини сақлаб қолиш ниятида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Даъвогарнинг судда берган тушунтиришидан маълум бўлишича, дастлаб унинг соғлиғи яхши бўлмаганлиги, кейинчалик эса фарзанди ёш бўлганлиги ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлганлиги, турмуш ўртоғи эса ундан  ва фарзандидан доимий равишда хабарлашиб турганлиги ҳамда уларга алоҳида уй-жой қилиб беришни ваъда қилганлиги сабабли аввал низоли уйга киритишни сўраб ҳеч қаерга мурожаат қилмаган.

Карима жавобгарнинг оила-аъзоси бўлганлиги сабабли ҳамда жавобгарнинг қонуний никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлганлиги сабабли низоли бўлган уй-жойдан бир нафар фарзанди билан фойдаланишга ҳақли ҳисобланади.  

Шу сабабли суд, даъвогар К.Т.ни бир нафар вояга етмаган фарзанди билан Жарқўрғон тумани, Сурхон соҳили МФЙда жойлашган 15-уйга  барча асосий ва ёрдамчи бинолардан ва коммунал хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан мажбурий тартибда киритиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Нилуфар Тўраева, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan