Сурхондарёда тиббий даволаш муассасасида беморга жисмоний куч ишлатган ИИБ ходимига жиноят иши қўзғатилди
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Музработ тумани ИИБ ходими тиббий даволаш муассасасида беморга жисмоний куч ишлатгани билан боғлиқ видеолавҳа вилоят прокуратураси томонидан назоратга олиниб, ходимнинг ҳаракатлари юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ масъуллари томонидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги маълум қилинганди.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий баёнот берди.
Унда терговга қадар текширув ҳаракатлари якунланиб, натижасига кўра, 2023 йил 19 май куни ЖКнинг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш)1-қисми, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги маълум қилинган.
“Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Музработ тумани прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатларининг бориши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган”, дейилади баёнотда.