Tермиз шаҳридаги Санъат саройида Вилоят прокуратураси ташаббуси билан 12-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига A.Навоий таваллудининг 579-йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
«Aлишер Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси» шиори остида кўтаринки руҳда ўтган ушбу тадбирда буюк мутафаккир ҳаётига бағишланган саҳнавий чиқишлар намойиш этилди. Шунингдек, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан айтилган Навоий ғазаллари тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.
Tадбирда сўз олганлар буюк мутафаккирнинг ибратли ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритиб, даҳо аждодимизнинг қолдирган бебаҳо меросини асраб, ўқиб- ўрганиб келажак авлодга етказиш зарурлигини таъкидлашди. Tадбир давомида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган «Навоий асарлари билимдони» танлови ғолиблари вилоят прократураси раҳбарияти томонидан тақдирланди.
Намойиш этилган A.Навоий спектакли барча иштирокчиларга манзур бўлди. Aйтиш мумкинки, ушбу тадбир меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг буюк аждодимиз A.Навоий ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади.