
Халқимизда кўнгил меҳр билан обод бўлади, деган ажойиб ибора бор. Бу ҳикматли сўзларнинг замирида олам-олам маъно мужассам. Зеро, ҳар қандай вазият ёки шароитда ҳам оила шаънини, бола қалбини авайлаб-асраш, бошига бевақт жудолик армони тушган ўксик қалбларга меҳр улашиш халқимизга хос миллий қадриятлардан энг фазилатлиси саналади. Бу анъана асрлар оша яшаб келаётгани эса, халқимизнинг бағоят болажонлигидан, инсонпарварлигидан далолатдир.

Ҳикоямиз қаҳрамони Фарида Абдураҳмонова эндигина етти ёшга тўлган пайтида онасидан, ўн беш ёшли ўсмир чоғида эса отасидан ҳам жудо бўлган эди. Унинг отаси маҳоратли уста ҳисобланар, одамлар учун иморатлар қурарди. Афсуски, саратон касаллиги туфайли у қирқ тўққиз ёшида бу ёруғ оламдан кўз юмди.
Табиийки, Фарида камол топаётган оилада беш нафар норасиданинг кўнгли ўксиб, жудолик доғида қолди. Аммо оиланинг тўнғич фарзанди – Фариданинг акаси йигит ёшига етган Турсунбой Абдураҳмонов сингилларини ўкситиб, ёлғизлатиб қўймади. Туман ҳокимлиги томонидан васий этиб тайинланган бу навқирон йигит бор меҳрини сингилларига бахшида этишга, ота-она ўрнини босишга интилди.

Бир томондан маҳалла аҳли ҳам жуда барвақт, яъни оёққа туриб улгурмай етимлик қисматига шерик бўлган Турсунбой ва унинг сингиллари тақдирига, дарду аламларига, ташвишларига бефарқ қараб турмади. Имкон қадар уларга мадад қўлини чўзишга, меҳру мурувват улашишга шошилишди. Бу йил ўзининг ўн саккиз баҳорни қаршилаган Фариданинг ўзи бу ҳақда шундай дейди:

–Аввало акам, сўнгра маҳалламиз одамлари биздан меҳрини аямади. Улар берган тасаллилар, юпанч ва қўллаб-қувватлашлар ота-онамиз вафоти туфайли ўксик бўлиб қолган қалбимизга малҳам бўлди. Кўнглимиз бундай эътиборлардан, акамизнинг меҳрибонлигидан тоғдек кўтарилди. Ахир, ҳали атрофда етим қолганлиги етмагандай, одамларнинг эътиборсизлиги, яқин кишиларининг меҳрсизлиги туфайли кўнгли ўксиб юрган болалар кўп…
Тўғри, Фариданинг акаси Турсунбой Абдураҳмонов бор меҳрини сингилларига бахшида этди. Ота-онадан мерос қолган ер ва боғни обод этишга интилди.

Сингилларини эса одобли, меҳнаткаш қилиб тарбиялашга имкониятини ишга солди. Натижада икки синглисини ота ўрнида адл туриб, турмушга узатди. Фарида яхши ўқиши, тенгдошларидан кам бўлиб ўсмаслиги учун шароитлар яратиб берди. Турсунбой Абдураҳмоновга эса норасида ёшида етим қолган сингилларига васийлик қилишда Бандихон туман ҳокимлигининг болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси ходимлари доимий равишда мадад бериб туришди.

–Ҳозирги кунда бизнинг туманимиз бўйича тўққиз нафар чин етимлар мавжуд, – дейди ушбу шўъба мудири Шавкат Бегимқулов. – Уларнинг ҳар бири бизнинг эътиборимизда турибди. Доимий равишда улардан хабар олишга, лозим ҳолларда мадад қўлини чўзишга интилаяпмиз. Бу болаларга тегишли тартибда ота-она ўрнини босувчи васийлар тайинланган, улар болаларга ҳомийлик қилиб туришибди. Ҳозирга қадар туманимизда мавжуд тўққиз нафар чин етимларни тадбиркорликка йўналтириш мақсадида уч нафар қизга тикув машинаси, икки нафар ўғил болага эса ноутбук олиб бердик. Қизлар туман ҳокимлиги беминнат туҳфа этган тикув машиналари ёрдамида чеварликни ўрганиб, ўз тадбиркорлик ишини бошласалар, ўғил болалар янги технологияларни ўрганадилар, компьютерда дастурлаш ишларидан хабардор бўладилар. Ўйлайманки, доимий равишда кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли туманимиздаги бу ўксик қалбли болалар, албатта, жамиятимизнинг тўла ҳуқуқли фуқаролари бўлиб етишадилар.
Шавкат Бегимқулов тўғри айтди. Чунки ўзига нисбатан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган Фарида Абдураҳмонова ҳали мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ, шу ерда ташкил этилган тикувчилик цехига қатнаб чеварлик сирларини ўргана бошлаган эди. Эндиликда туман ҳокимлиги туҳфа этган тикув машинасида ўзи мустақил равишда турли либослар тикмоқда. Энг муҳими, янгича бичимдаги либослар ўйлаб топиб, маҳалладошларини мамнун этмоқда.

Тенгдошлари қатори Фариданинг ҳам қалбида орзулар бисёр. У болаликдан шифокор бўлишни ният қилиб келади. Ҳозир тикувчилик қилиш баробарида, тиббиёт олий ўқув юртига ўқишга киришга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Атрофида шунча меҳрбон инсонлар бор экан, давлатимиз қўллаб-қўллаб турган экан нафақат Фарида, балки у каби ҳаёт жуда эрта ёшидаёқ бошига ташвишлар солган болалар ҳеч қачон ўксик қалб билан яшамайдилар. Чунки улар она ватан, болапарвар миллатимиз, саховатли инсонлар ардоғидадирлар.
Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида «Нигоҳ» лойиҳаси доирасида тайёрланди.