Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги 2022 йил 1 августдаги ПҚ-340-сонли қарори ва «Маҳалла» фонди республика бошқарувининг 2022 йил 4 августдаги 140-сонли қарорига асосан жорий йилнинг 25 августидан 6 сентябрга қадар фонд ҳудудий тузилмалари томонидан «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» бош ғоя асосида маънавий-маърифий ва ижтимоий тадбирларни ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.
Режага биноан вилоятимизнинг барча туманлардаги маданий ва маърифий объектлар, фуқаролар йиғинларида тадбирлар ташкил этилиши, унга фонд ходимлари ва 648 нафар маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари, 12954 нафар аҳоли; шундан 9384 нафар ёшларни жалб этган ҳолда тадбирлар ва байрам дастурхонлари ташкил этилиши белгиланган.

Тадбирлар давомида 586 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, хусусан, 134 нафар ёлғиз қариялар, 35 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, 412 нафар кам таъминланган оилалар, 135 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдамлар кўрсатилади.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами олдидан вилоятдаги 9 та туманларда маҳалла биноларининг очилиш маросимлари ўтқазилмоқда. Ушбу биноларни мебель жиҳозлари ҳамда компютер жамланмалари билан таъминлашни ҳам Маҳалла хайрия жамоат фонди амалга оширмоқда.

Бугун Термиз шаҳридаги Матбуот уйида “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда 15 дан ортиқ Маҳалла фуқаролар йиғинларига компютер ва мебеллар жамланмаси берилди.

Шунингдек, 10 дан ортиқ кам таъминланган оила фарзандларига мактаб формалари ҳамда бир марталик пул маблағлари берилди.

Байрам муносабати билан ўтказилган тадбир спорт мусобақалари билан давом эттирилди. Унда туманлардан ташриф буюрган Маҳалла хайрия жамоат фонди тизимидаги ходимлар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.


Иштирокчилар спортнинг олтита тури: шахмат, шашка, волейбол, футбол, арқон тортиш, стол тенниси бўйича беллашдилар.


Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра ғолибларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
