ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ЎЗБЕКИСТОН

Aфғонистондаги қуролли ҳужум оқибатида жароҳат олган ўзбекистонлик Термизда даволанаётгани маълум қилинди.

Aфғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳри яқинидаги темирйўл қўриқчиларига ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берилган эди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳужум оқибатида бир нафар ўзбекистонлик жароҳатланган, икки нафар афғонистонлик ҳалок бўлган.

Қайд этилишича, ҳужум оқибатида жароҳатланган ўзбекистонлик – “Сўғдиёна транс” корхонасининг координация бўлими бошлиғи ўринбосари Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган.

Эслатиб ўтамиз, 20-август куни Aфғонистоннинг Балх вилоятида “Сўғдиёна транс” шўба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум содир этилган. Корхона “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ таркибига киради. Корхона ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган масъуллар Ҳайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишганда ҳужумга учраган. Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Aфғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темирйўлни қўриқлаш баталёни аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.

Кейинроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов афғонистонлик ҳамкасби билан боғланиб, мамлакатда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan