МАДАНИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

АҚШда ўзбек рақс санъатини ўрганиш бўйича икки ҳафталик лойиҳага старт берилди

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабарига кўра, Вашингтонда мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига тайёргарлик доирасида ўзбек рақс санъатини ўрганиш бўйича икки ҳафталик «Silk Road Dance Camp 2020» лойиҳасига старт берилди.

Мазкур маданий тадбирда АҚШнинг 10 та штатидан вакиллар иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида Виржиния, Калифорния, Кентукки, Колорадо, Луизиана, Массачусетс, Мериленд, Огаё, Колумбия округи ва Флорида каби минтақаларидан одамлар бор.

«Silk Road Dance Camp 2020» дастурида мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасига виртуал саёҳат, ўзбек рақси тарихи бўйича қатор маърузалар, ош тайёрлаш бўйича намойиш, Хоразм ва Бухоро вилоятлари рақс машғулотлари, Ўзбекистоннинг тарихий ва маданий хусусиятлари тақдимоти, Тамара хонимнинг мемориал музейи ва бошқа тадбирларга виртуал саёҳатлар ташкил этилади

Ушбу дастур ҳаммуаллифи, халқаро миқёсда таниқли олима, «Silk Road Dance Company» рақс компанияси раҳбари америкалик Лаурел Грей ҳисобланади. У 1984 йилда «Ўзбек рақс ва маданияти жамияти»га, 1994 йилда эса «Марказий Осиё рақслар лагери»га асос солган. Лаурел Грей хоним «Энг яхши хореограф» (2003) ва «Энг яхши этник раққоса» (1999) номинациялари бўйича халқаро мукофотга сазовор бўлган

Америкалик олима шу кунга қадар Ўзбекистонга ўн тўрт маротаба ташриф буюрган. У икки йил давомида Тошкент Давлат академик катта театри таклифига биноан яшаган ва ўндан ортиқ телевизион рақс дастурларида иштирок этган. Шунингдек, Лаурел Грей 2018 йилда «Рақс сеҳри», 1997 йилда «Шарқ тароналари», 1993 йилда Ўзбекистон қўғирчоқ театри каби фестивалларда ҳайъат аъзоси сифатида қатнашган.

Таниқли ижрочиларимизнинг маҳоратини намойиш этиш учун дастурга миллий халқ артисти Қодир Мўминов ҳам жалб қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда элчихона томонидан ташкил этилган маданий тадбирда АҚШ, Ливия, Франция, Германия, Тунис ва бошқа мамлакатларда «Муножот», «Танавор», «Интизор», «Бухоро юлдузи» ва бошқа миллий рақсларни ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Қизлархон Дўстмуҳаммедова иштирок этган эди.

Манба: Madaniyat.uz

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan