ДУНЁ

Швейцария — тоғлар, пишлоқ, шоколад ва банклар мамлакати!

 

 Саёҳат

 

Швейцария — тоғлар, пишлоқ, шоколад ва банклар мамлакати!

Қисқача маълумот:

Швейцария ғарбий Европада жойлашган.

Пойтахти: Берн

Тиллари: немис, француз, итальян, ретроман

Хукумат: федератив

Майдони: 41 285 км.кв

Пул бирлиги: франк

26 кантон (вилоят)дан иборат

 

Одатда кўпчилик Швейцарияни – Алп тоғлари, ишончли банклари ва жуда ширин шоколад ишлаб чиқарувчи мамлакат сифатида танийди. Аслида эса унда сиз билмаган анчагина сир-синоатлар мужассам. Швейцария бўйлаб сайёҳат қилишга тайёрмисиз? Унда кетдик… Швейцария Ғарбий  Европанинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, у энг хавфсиз, тоза-озода ва бадавлат мамлакат ҳисобланади (Американинг US News & World Report журналалининг фаразларига кўра). Аммо бу ҳақиқатга анчайин яқин эканлигини ҳам тан олиш керак.

Швейцарияни Федерал Кенгаш аъзолари бошқаради. Ушбу мамлакатнинг пойтахти Берн ҳисоблансада, у расман тан олинмаган (де-факто). Бу юртда кишини ҳайратга солувчи бу каби катта фактлар жуда кўп, ишонаверинг! Унда барчасини бирма-бир очишни бошлаймиз.

 

 

ПАРВОЗ

 

Агар сиз Тошкентдан учадиган бўлсангиз тахминан 14 соат оралиғида Швейцарияга етиб борасиз (2 марта самолёт алмашишга тўғри келади). Цюрихга қўнишга бир неч дақиқа қолганда ойнадан қарасангиз Европада энг машҳур Victorinox эмблемасига кўзингиз тушади. У Германиянинг сифатли  пичоқ ишлаб чиқарувчи энг йирик корхоналаридан биридир.

Юқорида Швейцария дунёдаги энг хавфсиз мамлакат, дея қайд этдик. Аммо аэропорт, вокзал, транспортларда киссавурлик учраб туради. Айниқса, музейдаги туристларнинг чўнтагига тушишади. Шу сабабли пул ва тақинчоқларни орқа рюкзакка солманг. Яхшиси, меҳмонхона сейфига топширинг. Айниқса, Женевада фирибгарлар кўп. Бу ерда талай лўлилар ҳам бор.

 

ЯШАШ ТАРЗИ

 

Швейцарияга четдан товарлар деярли кирмайди. Шунинг учун хавфсизлик нуқтайи назаридан  нимадир сотиб олсангиз албатта, кўнглингиз тўлади. Сабаби маҳаллий маҳсулот сифатига гап йўқ.

Об-ҳавога келадиган бўлсак, мамлакатда контенентал иқлим ҳукм суради, қиши совуқ,  ёзи меъёрий иссиқликда. Швейцариянинг кўллари кўзни қувонтирадиган даражада тиниқ. Яна Алп тоғлари  энг кўп қор ёғадиган зонадир.  Шу ўринда яна бир фактга эътибор қаратамиз. Швейцария узоқ умр кечириш ёши бўйича дунёда  иккинчи ўринни эгаллайди (Биринчи ўринда эса Япония).

Ушбу мамлакатнинг ажабтовур жиҳатлари ҳақида кўп гапириш мумкин, аммо барча яхши нарсалар қиммат туради, тўғри маънода албатта. Бекорга Швейцарияни энг қиммат мамлакатлардан бири ҳисоблашмайди. Агарда сиз ҳар эҳтимолга қарши  мазкур ҳудуднинг маҳаллий пул бирлиги – франкдан олиб қўймаган  бўлсангиз, унда қайси ресторан ёки дўконларга кирманг сиз узатган евроларингизга франкда қайтим оласиз. Шу ўринда сизга яна бир кичик сирни очамиз. Сиз ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега энди Швейцария домени СН ҳарфларидан иборат? Чунки, мамлакатнинг лотинча номи Confoederatio Helvetica. Швейцариянинг қадимий номи Гелвеция бўлган. Швейц сўзи эса етакчи қабила номидан келиб чиққан.

 

 

ХУСУСИЯТ

Швейцария 26 та кантондан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз конституцияларига эгадир. Бир бирларига жуда яқин яъни, қўшни бўлиб жойлашган бўлсада, уларни ажратиб турадиган жиҳатлар талайгина. Улардан бири, ҳар бирида шева ҳаттоки, ўз тилларига эгалигидир. Зеро, Швейцарияда 4 та миллий – немис, француз, итальян ва ретроман муомалада ҳисобланади. Итальянча сўзлашадиган бурчагида немис тили умуман қўлланилмаса ажабланманг. Шунинг учун мамлакатнинг қаерида бўлманг инглиз тилида сўзлаш сизга анча қўл келиши мумкин.

Миллий колорити ўзига хос бўлган ушбу мамлакатда толерантлик жуда кучлидир. Қадимий анъаналарга содиқ халқ уруш ва жангариликни хушламайди. Шу сабаб 400 йилдан бери давлатда тинчлик хукмрон. Улар нейтраллик принципига амал қиладилар. Қадимдан шу кунгача патриархал тизим устун бўлиб, оилада пул топиш эркакнинг азалий бурчидир.

 

 

ТРАНСПОРТ

Швейцариянинг қайси шаҳарчасида қўним топманг, унинг ҳар бир шаҳрида траспорт тузилмаси мукаммал ва вақт жиҳатдан жуда тежамли эканлигини дарров сезасиз. Ҳар бир бурчагига етиб борувчи поезд ва автобуслари эса инсонга қулайлик яратади. Агар сиз қатновларнинг вақт борасидаги режасига қизиқаётган бўлсангиз, унда соатингиз милларини швейцария соатларига мослаб қўйинг. Чунки, улар бир сонияга бўлсада, кеч ҳам эрта ҳам келишмайди. Йўл кира ҳаққи бироз қиммат, бу айниқса, сайёҳларга сезилади. Лекин меҳмонлар учун қулай имкониятлар ҳам яратилган. Масалан, «Swiss Travel Pass».  Унинг катталар учун белгилаган нархи 210 CHFдан бошланади(3 кунга, 2-класс учун). Белгиланган муддат ичида транспортдан фойдаланган ҳолда мамлакатнинг исталган манзилига боришингиз мумкин.

Мамлакатнинг табиати ўта гўзал ва ажабтовур, шу билан бирга тарихий қийматга эгалиги билан ажралиб туради. Сизда Швейцарияда чўнтакбоп саёҳатни амалга оширса бўладими, деган савол пайдо бўляпти. Албатта, бунинг учун велосипедда саёҳат қилиб, ётоқхона ва кемпингда қўним топмоқ лозим. Ётоқхона суткаси 40,50 франк туради. Меҳмонхоналар эса 100 франк атрофида. Мамлакатнинг тоғли ҳудудлари водийга қараганда 25% арзон. Эсингиздан чиқарманг, кафе ва ресторанларда чойчақа 15%ли. Агар офицант кўнгилдагидек хизмат қилмаса, чойчақа қолдирмаслигингиз ҳам мумкин.

 

Цюрих, Женева ва Интерлакен

 

Уларнинг бир бирига ўхшаш  жиҳати қадимийлигини сақлаб қолганлигидир. Цюрих жуда ажойиб шаҳар! Бу ерда кўнглингиздаги нарсани қийналмай топишингиз мумкин. Цюриз кўлини айланмай, уни бир бор кўрмай туриб Швейцарияни тарк этишни тавсия қилмаган бўлардик. Агар шундай қилган тақдирингизда табиат мўжизасини кўришдек бахтдан бенасиб қоласиз. Тиниқ кўлни яна сиз Женевадан ҳам топишингиз мумкин. Дунёдаги энг катта фонтанлардан бири ҳисобланган Же До айнан мана шу ерда жойлашган. Интерлакенга келадиган бўлсак, у “кўллар орасида”  (Thun и Brienz) 300 йилдан буён курорт зона ҳисобланиб келади. Аввал фақат ёзда фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда эса йилниг қай бир фаслида ташриф буюрманг мазза қилиб дам оласиз. Энг қадимий чанғи учишга мослашган маскандир. Шунингдек,  Интерлакен сайёҳларни турли масканларга кузатиб қўйувчи маршрут тизимига эга. Яхшиси барчасини қуйидаги расмларда томоша қилганингиз маъқул. Ортиқча сўзга на ҳожат.

 

 

АЛП

Швейцария ҳақида гап кетганда  Алп тоғлари ҳақида сўз юритмай ўтиб кетиб бўлмас. Алп тоғлари энг қизиқарли ва гўзал маскан. Чанғи учувчилар учун айни боп. Ароза энг яхши курортлардан биридир. Вербега эса тунги ҳаётни севувчилар таклиф этилади. Фарзандлар билан оилавий дам олиш учун энг мақбул маскан бу Виллар қишлоғидир.  Келинг сизнинг эътиборингизга Пилатус тоғи ҳақида баъзи маълумотларни бериб ўтамиз. Унинг баландлиги 2128 метрни ташкил этади. Тепалликка кўтарилиш 3 босқичдан иборат. Ҳар бир босқичда тўхтаб, селфи тушишингиз ёки шунчаки тоза ҳавосидан тўйиб нафас олишингизга рухсат этилган. Унга кўтарилиш 75 еврони ташкил этади, аммо кетган  пулингизга асло афсус чекмайсиз.

 

ТАОМНОМА

 

Швейцвриянинг деярли барча ошхонаси хилма хил таомларни тайёрлашади. Аммо миллий овқатини барча емакхоналарда ҳам учратавермайсиз. Менимча бу аҳолиси турли миллат вакилларидан иборат бўлгани сабаб бўлса керак. Турли элатларнинг миллий маданияти қатори таомномаси ҳам кириб келиши табиий албатта. Қайси ошхонага ташриф буюрманг турк, немис, француз ва итальянча овқатларни истеъмол қилиб кўришингиз мумкин. Швейцариянинг пишлоқлари жуда машҳурлигини инобатга оладиган бўлсак, нима учун бу ерда пишириладиган таомларнинг деярли барчасида сыр учрашига ҳайрон қолмасак ҳам бўлади. Гўштли таомларга эса унчалик дуч келмайсиз. Агар нима буюриш мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўрасангиз,  фондю, тартифлет, пряник, раклетларни тавсия этамиз. Уларнинг рецепти  жудда оддий, ҳатто уйда ўз қўлларигиз билан ҳам тайёрлашингиз мумкин.

 

ТУРИЗМ

Бу соҳа бўйича Европа миқёсида етакчилардан. Асосий саёҳатчилари немис, америкалик, япон ва руслардир. Айниқса, давлатнинг 3дан 2 қисмини эгаллаган Алп тоғларига қизиқиш баланд. Машҳур курортлари: Давос, Санкт Мориц, Церматт, Лейкербад.

Швейцариянинг музейларини айланмай кетадиган сайёҳлар бармоқ билан санай оладиган даражада кам. Музейлар  9дан 18гача ишлайди. Ёзда эса улар туну кун очиқ. Музейга душанба ёки сешанба куни ташриф буюрган маъқул. Шу ўринда фойдали маълумотларни келтириб ўтсак, банклар эса 8дан 17гача ишлайди. Валюта айрибошлаш шаҳобчалари 8дан 22гача фаолият кўрсатади. Почта 7.30дан 18.30гача очиқ. Якшанба эса дам олиш куни. Черков ва соборлар бўлса, 8дан то қош қорайгунча очиқ туради. Дорихоналар 9дан 18гача, баъзилар туну кун ишлайди.  Демак, яна музейга қайтсак, Люцерндаги транспорт музейида Европадаги энг кўп автолар коллекцияси йиғилган. Музей 10дан 18гача ишлайди. Антиқа динозаврлар музейи эса Атхал шаҳарчасида жойлашган. У ерда дунёдаги йирик динозаврлар скелетлари намойишга қўйилган. Юра даврига қизиқсангиз, бу ерга албатта келинг. Билет катталар учун 18 франк, болларга 11 франк. У ерга Цюрихдан 30 дақиқада электричкада етиб оласиз.

ШОПИНГ

Банхофстрассе кўчасида 150 дан ортиқ дўкон фаолият юритади. Уларда акция ва чегирмалар ҳам мавжуд. Швацарияда нарх бир мунча юқори. Ҳатто аҳолининг ўзи ҳам йирик ҳаридларни қўшни давлатлардан қилишади. Шу сабаб  бу ерда сувинерлардан бошқа нарсаларни ҳарид қилишни тавсия этмаймиз.

Ишонмаслигингиз мумкин, аммо якшанба куни Швейцарияда бутун аҳоли дам олади. Дўконлар ҳам деярли ёпиқ бўлади. Қолган кунлари эса улар 19:00 гача ишлайди. Нафақат кийим кечак сотувчилари уйига шошилишади, балки   соат  18:00 дан сўнг кўчаларда одамлар сезиларли даражада камаяди. Ҳа афсуски, баъзи мамлакатларга ўхшаб бу ерда “тунги ҳаёт” йўқ. Ҳатто бизда ҳам деярли 11 гача кўчаларда одамларни учратиш мумкин.

ПАРКЛАР

Жунгфрау парки мамлакатдаги энг қизиқарли маскандир. Иш вақти 10дан 18гача бўлиб, билет нархи катталар учун 38 франк, болаларга эса 20 франк. У ерга темирйўл орқали бориш мумкин. Хеппиленд парки эса энг катта паркдир. Майдони 25 минг кв. метр бўлиб, 16 хилдаги аттракционга эга. 11дан 18гача ишлайди.

 

ОИЛА

Ёшлар кеч оила қурадилар, афсуски, ажралишлар сони юқори. Оилавий жам бўлиб яшаш, яъни бир уйда ота-ўғил ва келин, набираларнинг кун кечириши амри маҳол. Буни қарангки, оилаларнинг 75%и атиги икки кишидангина иборат экан. Шу сабаб уларникига меҳмонга борганда, ота-онаси ёки фарзандлари қаердалигини суриштириб ўтирманг. Эр-хотин асосан битта фарзандга қаноат қиладилар. Оила қуришнинг ўртача ёши 29ни ташкил этади. Улар яшаш тарзининг юксаклигига катта аҳамият берадилар. Энг қизиғи, ўз уй ва боғлари билан фахрланишади. Агар меҳмонга борсангиз, уларнинг яшаш жойларини мақтаб қўйинг.

ЭТИКЕТ

Шахсий ҳаётга хурмат билан қараш муносабатлар калитидир. Жамоат жойларида нотаниш инсонлар ўзаро гаплашишмайди. Агар сизда шундай зарурат туғилса, савол беришдан аввал “кечирасиз, мумкинми…” дея гап бошланг. Лекин бу уларнинг совуқ муомалалигини эмас, бир-бирини безовта қилишдан тортинишини билдиради. Дўконларда сотувчи ва ҳаридорлар бир-бирига ташаккур айтишни канда қилмайдилар.