ЖАМИЯТ

Сардобаликларга сурхондарёлик йўл ҳаракати инспекторларининг ўзига хос туҳфаси

Сардоба фожеасидан зарар кўрган юртдошларимизга турли соҳа вакиллари, жумладан, ички ишлар ходимлари ҳам инсонпарварлик ёрдами кўрсатди ва кўрсатмоқдалар.

Йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бугун глобал даражадаги долзарб масала ҳисобланади. Бу ўринда ёшлар онгида йўл қоидалари ҳақидаги тушунча ва тасаввурларни шакллантириш жуда муҳимдир. Шундан келиб чиқиб Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ташаббуси билан ҳомийлар ёрдамида Сирдарё вилояти Оқ олтин тумани аввалги «Учтом» ҳозирги «Ат Термизий» маҳалласида болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаси барпо этилди. Дастлаб, майдонча учун ажратилган ер майдони 80 см. чуқурликдан кўтарилди. Қум ва шағал билан сатҳи ёндаги футбол ўйингоҳига тенглаштирилгач, 288 кв метрга бетон 268 метр квадратга асфальт қопланди. Ҳудуднинг маълум қисмига чим ётқизилди, 100 тадан ортиқ арча кўчатлари, гуллар экилди. Майдончага 59 та йўл белгилари ва 5 дона светафор, йўл қоидаларини акс эттирувчи баннерлар ўрнатилган бўлиб, булар ёрдамида кичкинтойлар йўлларда тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини ўзлаштиришлари мумкин. Ушбу масканни кўркам бир кўринишда тиклашга икки ойга яқин  иш олиб борилди.

«Ат Термизий» маҳалласи ёшлари, ота-оналари, ўқитувчилари сурхондарёлик йўл ҳаракати инспекторларининг ўзига хос туҳфасидан миннатдор.

Шунингдек, Сурхондарё вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Оқ олтин туманида оқова сув тармоқлари қурилишида ҳам яқиндан ёрдам беришди.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan