ЖАМИЯТ

“Таълим тўғрисида”ги қонун сенат аъзолари томонидан маъқулланди

Бугун, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтаётган олтинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги биринчи масала – “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Маълумки, “Таълим тўғрисида”ги Қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, таълим сифатини таъминлашга қўйилаётган бугунги талабларга жавоб бермайди.

Мазкур янги Қонуннинг қабул қилиниши эса таълим масаласининг тарбия билан узвий боғлиқлиги таъминланади. Бу билан ижтимоий ҳаётимизнинг ҳозирги босқичида, хусусан, ҳар бир ёшни шахс сифатида маърифатли камолга етказиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш ва тарбиялашга, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим турини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга, мактабгача таълим тизимидан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълимнинг узвийлигини, мазмун жиҳатидан кетма-кетлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, бошланғич, касб-ҳунар таълими, касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида бепул асосда кундузги таълим шаклида умумтаълим ва мутахассислик фанларининг икки йиллик интеграциялашган дастурлари асосида таълим амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонунда таълим муассасаси ходимлари, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, таълим жараёни қатнашчиларининг ижтимоий ҳимояси, таълим жараёнида меҳнат қилаётган минглаб мутахассисларнинг, миллионлаб ота-оналарнинг ҳуқуқий мақомига, уларнинг ижтимоий муҳофазасига доир жиҳатларга, айни вақтда мажбуриятларига ойдинлик киритилмоқда.

Шунингдек, қонун эндиликда таълимнинг нодавлат шаклини ривожлантиришга, жамиятимизда интелектуал мулк салоҳиятидан самарали фойдаланиш, илм-маърифатга доир иш жойлари кенгайишига имкон беради.

Мажлисда сенаторлар янги таҳрирдаги қонун кўплаб ҳамюртларимизнинг олий таълим, хорижда олинган таълим бўйича дипломларни тан олиш, таълим олувчилар учун вақтинча яшаш жойларини кафолатлаш, масофавий таълим, оилавий таълим, инклюзив таълим сингари ўз саволларига ечим топишга қийналаётган масалаларга ҳуқуқий ойдинлик киритилгани билан аҳамиятли бўлишини таъкидлади.

Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади.

Манба:Kun.uz

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan