ЖАМИЯТ

Термиз шаҳар ҳокимлиги ходимларининг 70 фоизидан ортиғи коронавирусга чалиндими? Ҳокимлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳар ҳокимлиги ходимларининг 70 фоизидан ортиғида коронавирус инфекцияси аниқлангани мазмунидаги хабар тарқалди. Ҳокимлик Матбуот хизмати бу хабарларга муносабат билдирди.

“Бугун инсоният жиддий синов билан юзлашган бир пайтда коронавирус инфекциясини юқтиришдан ҳеч ким истисно эмас. Бу касалликдан ҳеч ким кафолатли ҳимояланмаган.

Термиз шаҳар ҳокимлиги биносига кираверишда ҳароратни ўлчаш сканерлари, дезинфекция воситалари қўйилган. Ҳозирда фақатгина зарур бўлган ходимларгина бевосита ишга жалб этилган. Мутахассисларнинг бир қисми қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилган, айримларининг эсамасофадан туриб (онлайн) ишлаши ташкил этилган.

Термиз шаҳар ҳокимлигида ишловчи жами 3 нафар ходимда (70 фоизидан ортиғида эмас!) коронавирус инфекцияси аниқланган бўлиб, уларда касаллик симптомсиз кечаётгани учун уй шароитида даволанишмоқда. Инфекция аниқланган ходимлар уй шароитида, масофадан ишлаётган ҳамкасбларимиздир.

Ушбуни инобатга олиб, жамиятдаги барча жараёнларга бефарқ бўлмаган фуқароларимиздан COVID-19 пандемияси ва карантин тадбирлари фонида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ушбу мазмундаги ёлғон ахборотларга ишонмасликларини сўраймиз.

Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ администраторлари ҳамда шахсий аккаунт эгаларига эса аҳоли орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келадиган бундай ёлғон маълумотларни тарқатиш қонун олдида жавобгарликни келтириб чиқаришини эслатиб ўтамиз”, дейилади хабарда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan