ЖАМИЯТ

“Асосий эътироз — Сизнинг монополист бўла туриб, халқ фикри билан ҳисоблашмаслигингизда”…

Мен «Ўзавтосаноат» ва «Ўзавтомоторс» бошқа-бошқа ташкилот, деб ҳисоблардим. Бироқ «Ўзавтомоторс»нинг мендан ранжиб қилган муносабатидан «Ўзавтомоторс» компанияси Ўзбекистон автомобиль бозоридаги барча иштирокчиларга тенг имконият ва шароитлар яратиб бериши керак бўлган «Ўзавтосаноат»ни ўзига тегишли тузилма, деб ҳисоблаши кўриняпти. Бу «монополия касаллиги»нинг асорати бўлса керак. Бўлмасам, компания «Ўзавтосаноат»нинг ишларини ўзига ёпиштириб олишдан сал уялган бўларди. Ё ростданам «Ўзавтосаноат» ва «Ўзавтомоторс» номи ҳар хил, ўзи битта ташкилотми? Тушунарсиз.

Мен кечаги фикримда учта фактни келтирганман. Булар:

– «Ўзавтомоторс»нинг оширилган, яъни шу йил март ойида бутун халқни норози қилиб кўтариб олган нархда ҳатто «тез ёрдам» учун ҳам «Дамас» автомобилларини сотаётганлиги;

– Россиянинг Уфа каби шаҳрида кўп миқдордаги автомобиллар очиқ осмон остида ташландиқ туриб қолса ҳам Ўзбекистон халқи ўзимизда қиммат, «дефектли» ва қийин шартларда автомобиллар сотиб олишга мажбур бўлаётганлиги;

– «Ўзавтомоторс»ни халққа танлов имкониятини бермайдиган монополист бўлиб яшаб келаётганлиги.

«Ўзавтомоторс», айтинг-чи, буларнинг қайси бири ёлғон?

Депутат қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўзингиз тушунмайдиган гаплар билан ҳаммани чалғитиб, қонунларни ўзгартириш депутатларнинг қўлида-ку, деб ўзингизни оқламоқчи бўлибсиз. Асосий эътироз — Сизнинг монополист бўла туриб, халқ фикри билан ҳисоблашмаслигингизда.

Энди агар компанияда юристлар бўлса, яхшилаб қонунчиликни ўқисин: сизга монополь ҳуқуқни парламент бермаган, сиз Президент ва ҳукумат қарорлари билан бу имтиёзларга эга бўлгансиз ва шулар ортида «беркинмачоқ» ўйнаяпсиз. Бу ерга «ҳомийлик иши» деб бошқа ишларни тиқиштириб гапни олиб қочманг. Агарки вақти келиб парламентга сизнинг ваколатларингизни қонун билан тартибга солишнинг имконияти берилса халқ вакиллари халқ фикридан келиб чиқиб, қарор қилади. Бунга шубҳа қилманг!

Лекин ҳозир сизга халқ фикри қизиқмас. Агар қизиқ бўлганида март ойида қилган ишингиз — монополь бўла туриб бутун халқни норози қилиб автомобиль нархларини бунчалик оширмасдингиз, «тез ёрдам» учун «Дамас»ларингизни оширилган нархда халқингизга сотмасдингиз.

Сизга ҳомийлик қилмадинг, деб бошқа ишларни сўрамадик. Ким қўлидан нима келса қиляпти, сиз эса қурбингиз етадиган жойида қаттиқлик қиляпсиз.

Мени популист, нопрофессионал, ёлғончи, кўр, кар, гўл дейсизми ёки кимларгадир шикоят қиласизми, фарқи йўқ. Мен Сиз ҳақингизда кўпчиликка маълум ҳақиқатни айтавераман: Сиз ичкарида барибир монополь ва номард иштирокчи сифатида қолаверасиз. Тўғри бу гаплар оғир, лекин ҳақиқат шу.

Агар гапим нотўғри бўлса, қани эртагаёқ халқни норози қилган иш— автомобиль нархларини туширинг, сотилмай чириётган автомобилларни янаям арзон қилиб сотинг, ҳеч бўлмаса «тез ёрдам» учун «Дамас»ларингизни арзонлатинг, мен ёлғончи бўлай, розиман.

Менга сайловчилар билан қандай ишлашни ўргатиш эса Сизгамас. Ҳар қалай Сиздан фарқли равишда мен имкониятим борича уларни рози қилишга ҳаракат қиламан, оғир кунида фойда қилишни ўйламайман.

Сўнггида маслаҳатим: аччиқ бўлса ҳам фактни факт билан енгади олди-қочди, жаҳл гаплар билан эмас. Буни пиарчиларингизга ҳам тушунтиринг!

Расул Кушербаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan