ЖАМИЯТ

Адолатсизлик коррупция деган илдиздан сув ичади

Истеъдодни “синдирадиган”, изланувчан кишини “оёқдан қолдирувчи”, одамларнинг бирор идорага, давлат ва жамиятга бўлган ишончига путур етказувчи  бу — коррупциядир. Инсонни руҳан эзадиган ҳам, қийин аҳволга туширадиган ҳам шу иллат!

Коррупцияга юридик “тил”да таъриф берадиган бўлсак:  бу — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишини тушунамиз.

Жамиятимизда коррупция ҳолатларига қарши курашиш, унга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар эканини янада кучайтириш мақсадида 2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга кирди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳам жамиятда коррупция ҳолатларига қарши курашиш юзасидан мунтазам равишда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, хусусан, қишлоқ ва маҳаллаларда, ўқув  муассасалари ҳамда тадбиркорлик субъектларида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида турли учрашувлар ташкил этилаётир.

Бошқарма, шаҳар ва туманлар давлат хизматлари марказлари ходимлари иштирокида ўтказилган бу галги тадбирда тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, бу борада уларнинг масъулият ва шахсий жавобгарлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишда очиқ, тезкор ва шаффофликни таъминлаш, одоб-ахлоқ қоидаларига қатьий амал қилиш орқали иш юритиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, соҳа ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли тушунчалар берилди.

Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши нафақат соҳа ходимларининг  ҳуқуқий билим ва ўз ишга бўлган масъулиятини оширади, балки  жамиятда коррупция ҳолатларига, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти шаклланишига хизмат қилади.

Салоҳиддин Норқобилов