ДУНЁ

Атмосферада қандай ўзгаришлар рўй берди ва бу қанчалик хавфли?

Ер атмосфераси таркибини таҳлил қилган АҚШнинг Стенфорд университети олимлари сўнгги 17 йил ичида метан миқдори 9 фоизга ошганлигини аниқлашди.

“Environmental Research Letters” хабарига кўра, мутахассислар бу қиймат рекорд даражада дея таъкидлашмоқда. Метаннинг асосий манбалари чорвачилик ҳамда табиий газни ишлаб чиқариш, шунинг билан бирга, уни ишлатиш билан боғлиқ фаолият ҳисобланиб, у жуда юқори иссиқхона таъсирига эга бўлгани боис ҳатто озгина кўпайиши ҳам сайёрамиз иқлимига таъсир қилади.

Айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг ҳаракатлари биринчи навбатда карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтиришга қаратилди. Ваҳоланки, метан юқори атмосферада тезда парчаланади ва қолдиқлар тупроққа сўрилиб, қўшимча чоралар талаб қилинмайди, деб ҳисобланади.

Аммо янги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу мувозанат XXI асрнинг бошларида бузилган. Атмосферадаги метан миқдори тез суръатлар билан ўсишни бошлаган ва 20 йил олдин ҳолатга нисбатан 50 миллион тоннага кўпайган.

Бунга 2000 йилларнинг бошидан чорвачилик ва қишлоқ хўжалигидаги чиқиндиларнинг 11 фоизга, нефть ва газ саноатидан чиқадиган чиқиндиларнинг эса 15 фоизга ошганлиги сабаб бўлган.

Кам гўшт истеъмол қила бошлашган Европада эса бу борада пасайиш кузатилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan