ЎЗБЕКИСТОН

ТАЪЛИМ МАСКАНИДА ИЛМ-МАЪРИФАТНИ НИЯТ ҚИЛГАН ИХЛОСЛИ ЁШЛАРНИ КУТИБ ҚОЛАМИЗ

Имом Термизий ислом таълим муассасаси директори,

 ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори,

Шукурилло Умаров

Буюк мутафаккиру алломалар, машҳур муфассиру муҳаддислар ва муарриху мутасаввуфларни етиштириб берган кўҳна Термиз шаҳрида Имом Термизий ислом таълим муассасасининг ташкил этилганлиги бу заминдан келажакда шонли тарихимизда ўзларининг нодир асарлари, илм-маърифати ва юксак маданияти билан дунё аҳли эътирофига лойиқ бўлган буюк инсонларнинг муносиб ворисларини етишиб чиқишида асос бўлиб хизмат қилади.  Ният хайрли бўлса, амал ҳам гўзал бўлади. Бу ҳадис Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида биринчи ҳадис сифатида келтирилган. Имом Термизийнинг шоҳ асари “Сунани Термизий”да эса биринчи ҳадис инсоннинг жисми ва қалбининг пок бўлишига қаратилган. Демак, юртимиздан етишиб чиққан икки буюк муҳаддиснинг ҳам шоҳ асарлари аввалида покиза ният, хайрли амал, покиза жисм ва покиза қалб тўғрисадаги ҳадис келтирилган. Янги ташкил этилган таълим маскани ҳам шундай гўзал ниятнинг амалий ифодасидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларида “Бу юртда термизийлар мактабини ташкил этиш, ислом динини ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган кадрлар тайёрлаш масаласи” таклифи берилган эди. Хайрли ниятнинг ифодаси сифатида орадан жуда қисқа вақт ўтиб, Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.

Ҳадис илми ва муҳаддислар тарихини ўрганиш, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар илмий меросини кенг тадқиқ этишда бу зиё маскани таянч вазифасини бажаради. Зеро, юртимизда ўрта асрларда ҳадис илми ривожланган бўлиб, уч мингдан зиёд муҳаддислар фаолият олиб боришган. Жумладан, Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий, Субазминий, Абу Аъроба Шоший сингари муҳаддислар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган. Ушбу илм-маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фани тараққиётида ўчмас из қолдирган. Мовароуннаҳр – дунё аҳли томонидан муҳаддислар юрти, алломаларни етиштириб берган замин, илм-маърифат каъбаси деб эътироф этилган.  Буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, алломаларимиз қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, уларни халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб ва ташвиқ қилиш, дунёда рўй бераётган дин омили билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳиятини тўғри тушунадиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Термиз шаҳрида ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий-маърифий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади.

Таълим муассасасида ислом дини доирасидаги Қуръони карим, исломшунослик фанлари, хусусан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида илмларининг асл моҳиятини, уларнинг илмий-маънавий, тарихий асосларини, мазкур илмлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир ватандошларимизнинг ибратли ҳаётлари ҳамда беназир илмий меросини ўргатиш, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асослари ва араб тилини, хусусан, ҳадис ва унга тааллуқли билим кўникмаларини чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш, ижтимоий, ахлоқий масалалар ҳамда ёшлар тарбиясига доир манбаларни тадқиқ ва тарғиб қилиш орқали “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида ўз фаолиятини олиб боради.

Имом Термизий ислом таълим муассасасининг асосий мақсади қадимдан муҳаддислар юрти, дея эътироф этилган Мовароуннаҳрнинг ислом илмлари маркази сифатидаги мақомини, хусусан, кўҳна термизийлар мактабининг тарихий-илмий анъаналарини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш,  мамлакатимизнинг қўлёзма фондлари, кутубхона ва илмий тадқиқот марказларида сақланаётган аждодларимизнинг нодир асарларини ўрганиш, таржима ва тадқиқ этиш, ундаги пурмаъно ўгит ва ҳикматлар, халқимиз маънавий оламини бойитадиган ғояларни ўрганиш ва кенг ёйишдан иборат.

Янги ташкил этилган зиё, маърифат маскани бўлган Имом Термизий ислом таълим муассасасида ҳақиқий термизийларнинг ворисларини, илм-маърифатни ўзларига шиор қилиб олган ихлосли ёшларни кутиб қоламиз. Уларни кириш имтиҳонларидан ўтиб маърифат масканини маърифатли талабалари бўлиб қолишларини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.

LEAVE A RESPONSE

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan