ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО МАДАНИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёда фаолият бошлаган ўрта махсус ислом таълим муассасасига илк ўқувчилар қандай қабул қилинади?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрланади.

Мазкур таълим муассасасига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар қабул имтиҳонлари асосида ўқишга қабул қилинади.

Абитуриент ва ота-оналарни қизиқтирган саволлар юзасидан “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори, ҳадисшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Шукрулло Умаровни суҳбатга чорладик.

  1. Аввало, ассалому алайкум. Янги ташкил этилган ислом таълим

муассассасининг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

Мамлакатимизда илм-маърифат, тинчлик ва эзгуликка чақирувчи муқаддас ислом дини асосларини пухта ўрганиш, аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини тадқиқ этиш ва уларни келажак авлодларга етказишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан буюк муҳаддислар
Абд ибн Ҳумайд Кеший, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барокотий, Иброҳим ибн Маъқил Насафий сингари алломалар томонидан катта ҳадис мактабига асос солинган. Ушбу илм-маърифат ва зиё масканлари ҳадис илми ривожи ҳамда дунё илм-фани тараққиётида ўчмас из қолдирган.

Буюк аждодларимиз асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, алломаларимиз қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, уларни халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб ва ташвиқ қилиш, дунёда рўй бераётган дин омили билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳиятини тўғри тушунадиган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Термиз шаҳрида ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий-маърифий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади.

Таълим муассасаси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилди.  Таълим муассасаси 2020 йил 8 июнь куни 24-сон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказилиб, расмий фаолиятини бошлади.

  1. Сиз раҳбарлик қилаётган ислом таълим муассасасига айни кунларда илк ўқувчилари – абитуриентлар ҳужжат топширяпти.

Юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, ҳужжат топшириш жараёнлари қандай амалга оширилмоқда? Шу ҳақда батафсилроқ маълумот бериб ўтсангиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасасига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентлар ҳужжатлари масофавий тарзда qabul.muslim.uz сайти орқали, юртимиздаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинмоқда. Таълим муассасасига ўқишга кириб талаба бўлишни орзу қилган ёшларимиз жуда кўпчиликни ташкил этмоқда. Буни таълим муассасасида ташкил этилган, “Кол-марказ”ига келиб тушаётган мурожаатлардан ҳам билишимиз мумкин.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати 2020 йилнинг 20 июнидан 10 июлигача (шу куни ҳам).

Қуйидаги ҳужжатлар абитуриентлардан талаб этилади:

  • паспорт (электрон шаклда);
  • аттестат ёки диплом (академик лицей, ўрта махсус касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисида) электрон шаклда;
  • тил билиши тўғрисидаги сертификат (аттестат ёки дипломида ёзилган чет тилидан бошқа хорижий тилда топширмоқчи бўлганлар учун) электрон шаклда.

Ислом таълим муассасасига кириш имтиҳонлари ҳам белгиланган бўлиб, қабул имтиҳонлари Чет тили ва тарих фанлардан тест шаклида ўтказилади.

  • 1-блок “Чет тили” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
  • 2-блок “Тарих” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнини юқори савияда ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб берилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 20 июндан бошлаб “Кол-марказ”лар ташкил этилди.

“Кол-марказ”лар фаолияти душанба-шанба кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача давом этади. Қабул жараёнларига оид ҳар қандай маълумотларни қуйидаги манзиллар орқали олиш мумкин.

Муассаса сайти: www.termiziy.uz

Электрон почта: imamtermiziy@gmail.com

Телеграм канал: Imomtermiziy.uz

Телефон рақами: +99 897 389 06 50

Почта манзили: Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри,  Шимолий дарвоза кўчаси, 3-уй.   Индекс: 190114

 

3.2020-2021 ўқув йилида нечта ўқувчи қабул қилиш имкониятига эгасизлар?

Таълим муассасасига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мурожаатига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари натижаларига кўра тўпланган  баллар кетма-кетлиги асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган қабул квоталарига  мувофиқ  амалга оширилади.  (2020-2021 ўқув йилида таълим муассасасига 30 та ўғил бола ўқишга қабул қилиниши режалаштирилмоқда).

4.Ўқиш муддати давомийлиги нечи йилни ўз ичига олади, қандай шаклларда?

Таълим муассасасида ўқитиш 4 йил муддат билан кундузги шаклда белгиланган тартибда тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Ўқув машғулотлари диний ва дунёвий фанлардан юқори малакали ўқитувчи-профессорлар томонидан олиб борилади.

  1. Имом Термизий ислом муассасасини тамомлаган кадрлар келажакда қайси ташкилотларда, қандай лавозимларда фаолият олиб бориши кўзда тутилган?

Таълим муассасаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим маскани бўлиб, ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиблар тайёрланади.

Ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчилари қуйидаги йўналишларда фаолият олиб борадилар:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги диний ташкилотларда ходим ва имом ноиби вазифаларида ишлайди;

ихтисослигига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўқишни давом эттиради.

Ўқув режа талабларини тўлиқ бажарган, якуний битирув имтиҳонларини муваффақиятли топширган талабаларга ўрта махсус диний маълумотли ислом шариати ва ҳадис илмлари мутахассиси, имом-хатиб мутахассислиги бўйича таълим муассасасини тамомлаганлиги тўғрисида ҳужжат (диплом) берилади.

Ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом олий таълим муассасасига ўқишга кириш ёки эгалланган мутахассислиги бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

  1. Талабалар тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинадими? Шартнома пули миқдори қанча этиб белгиланган?

Ўқиш бўйича тўлов-контракт пулининг миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўрнатилган тартибда белгиланади. (Ўтган 2019-2020 ўқув йили учун 7805 000 (етти миллён саккиз юз беш минг) эди. Ҳар йили ошиб боради).

Шунингдек, талабалар таълим муассасаси иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан белгиланадиган стипендия билан таъминланади.

  1. Ўқув муассасасидаги шарт-шароитлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз? Ўқишга фақат ўғил болалар қабул қилинадими?

 

Таълим муассасасида ходим ва талабалар учун имконият даражасида ётоқхона ташкил этилади. Талабаларни зарур ўқув дарсликлар, китоблар ва анжомлар билан таъминланади.

Талабаларга таълим муассасасида қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча касб-ҳунар (сартарошлик, бухгалтер-ҳисобчи, компьютер оператори ва бошқа) ўргатиш бўйича тўгараклар ташкил этилиши мумкин.

Таълим муассасасига жорий ўқув йилида фақат ўғил болалар қабул қилинади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишган ҳолда кейинги йилларда аёл-қизлар ҳам ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Ўрта махсус ислом таълим муассасасининг мақсад ва вазифалари:

  • Ислом дини доирасидаги Қуръони карим, исломшунослик фанлари, хусусан, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида илмларининг асл моҳиятини, уларнинг илмий-маънавий, тарихий асосларини, мазкур илмлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир ватандошларимизнинг ибратли ҳаётлари ҳамда беназир илмий меросини ўргатиш, динлар тарихи ва назариясини чуқур эгаллаган, ислом дини асослари ва араб тилини, хусусан, ҳадис ва унга тааллуқли билим кўникмаларини чуқур ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш;
  • ислом динининг инсонпарварлик ғояларини, илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар меросини ўрганиш, ижтимоий, ахлоқий масалалар ҳамда ёшлар тарбиясига доир манбаларни тадқиқ ва тарғиб қилиш орқали “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида фаолият олиб бориш;
  • ҳар томонлама ривожланган ва содиқ шахсни, ўз Ватани фидойиси, халқ, жамият ва оила олдидаги масъулияти ҳамда мажбуриятларини чуқур ҳис қилувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилувчи, халқ анъаналарини бойитувчи ва мустаҳкамловчи, Ватанимиз келажаги учун виждонан, ҳалол меҳнат қилувчи мутахассисларни тайёрлаш;
  • Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, араб, инглиз ва рус тилларини чуқур биладиган мутахассисларни етиштириш.

Ўрта махсус ислом таълим муассасасидан кутилаётган натижалар:

– қадимдан муҳаддислар юрти, дея эътироф этилган Мовароуннаҳрнинг ислом илмлари маркази сифатидаги мақомини, хусусан, кўҳна термизийлар мактабининг тарихий-илмий анъаналарини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш;

– Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ташкилотлар учун мутахассислар, хусусан, имом ноибларини тайёрлаш;

– мамлакатимизнинг қўлёзма фондлари, кутубхона ва илмий тадқиқот марказларида сақланаётган аждодларимизнинг нодир асарларини ўрганиш, таржима ва тадқиқ этиш, ундаги пурмаъно ўгит ва ҳикматлар, халқимиз маънавий оламини бойитадиган ғояларни ўрганиш ва кенг ёйиш.

Заминимизда азалдан диний ва дунёвий илмлар тараққиётида муҳим ўрин тутган шахслар етишиб чиққан. “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида ҳам аждодларга муносиб авлодлар илм майдонига чиқишига ишонамиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! Масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизга омад тилаймиз.

 

Наргиза ОДИНАЕВА суҳбатлашди

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan