ЖАМИЯТ

Тозалик посбонларининг фарзандлари ва невараларининг контракт тўлови қоплаб берилади

Ҳудудлардаги санитар тозалаш корхоналари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалик посбонларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 514-сонли қарорида (https://lex.uz/ru/docs/6622631) белгилаб қўйилган.

Қарорга кўра, “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танловида санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи кўп йиллар давомида садоқатли меҳнат қилган ходимлар қатнашиши мумкин.

Танловнинг навбатдаги босқичи 2025 йил 1 сентябрда бошланиб, ғолиблар 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланади ва муносиб тақдирланади. Ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига контракт тўлови тўлаб берилади.

Эслатиб ўтамиз: Танловда қатнашиш учун аризаларни Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг info@sanitation.uz электрон почта манзилига ёки Қорақалпоғистон Республикаси агентлиги ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги бошқармаларига йўллаш сўралади.

Бу каби танловлардан кўзланган мақсад аввало инсон қадрини янада улуғлашдир. Шу билан бирга, узоқ йиллар давомида тозалик ва ободончилик йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган соҳа ходимларини эъзозлаш, уларнинг оила аъзолари учун қулай имкониятлар яратиш баробарида фарзандларининг Ватан равнақи йўлида муносиб хизмат қиладиган илмли, зиёли кадр бўлиб етишишига замин яратишдан иборат.

Қўшимча маълумотлар учун: 1205/1275

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan