ДУНЁ

Бельгия Фаластин давлатини расман тан олади

Бельгия ҳукумати шу йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини расман тан олишини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Прево эълон қилди.

Превонинг сўзларига кўра, Бельгия ушбу қадам билан Буюк Британия,  Франция, Канада ва Австралия қаторига қўшилади. Шунингдек, Исроил ҳукуматига нисбатан «қатъий санкциялар» жорий этилиши режалаштирилмоқда. Улар орасида Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкаларидан импортни тақиқлаш ва суд жараёнларини йўлга қўйиш имконияти ҳам бор.

Исроил ТИВ ва Бельгиядаги элчихона ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмаган. Бироқ олдинроқ Исроил ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британиянинг Фаластинни тан олиш режаси «ҲАМАС учун мукофот» эканини билдирган эди.

Июль ойида Британия бош вазири Кейр Стармер шундай қарор қабул қилиш шартларини эълон қилган эди. Унга кўра:

  • Исроил Ғазодаги «жиддий ҳолат»ни тўхтатиш йўлида амалий қадам ташлаши керак;
  • оташкесимга рози бўлиши лозим;
  • икки давлатли ечим имкониятини қайта жонлантириш орқали барқарор тинчликка содиқ қолиши шарт;
  • БМТнинг гуманитар ёрдам етказишига йўл берилиши керак;
  • Ғарбий соҳилда янги аннексияларга йўл қўйилмаслиги лозим.

Шу масала юзасидан Исроил ташқи ишлар вазирлиги Буюк Британиянинг позицияси «ички сиёсий босимлар туфайли ўзгарганини» ва бу қадам Ғазода оташкесим ҳамда гаровдагиларни озод қилиш ҳаракатларига зарар етказишини айтди.

БМТ Бош Ассамблеяси Нью-Йоркда 9 сентябрдан бошланади. Ирландия, Испания ва Норвегия ўтган йилиёқ Фаластинни давлат сифатида тан олган эди. Жорий йил март ҳолатига кўра, БМТнинг 193 аъзосидан 147 таси Фаластинни расман давлат деб эътироф этган.

Шу орада, Исроил молия вазири Бецалел Смотрич Ғарбий соҳилда янги турар-жой посёлкаси қуриш режасини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, бу режа «Фаластин давлати ғоясини бутунлай кўмади».

Бундан ташқари, АҚШ давлат котиби Марко Рубио Фаластин маъмурияти ва Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ)нинг 81 вакилининг визасини бекор қилди. Бу уларнинг Бош Ассамблеяга қатнашиш имконини чеклайди.

Қайд этиш жоизки, 1947 йилги БМТ келишувига кўра, АҚШ хорижий дипломатларни Нью-Йоркдаги БМТ йиғилишларига киришини таъминлаши лозим. Бироқ Вашингтон хавфсизлик, экстремизм ва ташқи сиёсат сабабларини кўрсатиб, визани рад этиш ҳуқуқига эга.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan