Қайд этилишича, бугунги кунда Иордания Ўзбекистондан асосан фармацевтика маҳсулотлари, кимёвий маҳсулотлар, ўғитлар, ноорганик кимёвий моддалар ҳамда ёғли уруғлар ва ҳўл мевалар экспорт қилади. Ўзбекистоннинг Иорданиядан асосий импорт товарлари эса мис, какао ва какао маҳсулотлари, шакар ва шакардан тайёрланган маҳсулотлар, дон маҳсулотлари, совун, мевалар ва ёнғоқ ҳисобланади.

Ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон ҳукумати ва Иордания ҳукумати ўртасида Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш тўғрисида битим, олий таълим ва илмий тадқиқот соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.
Шунингдек, томонлар ўзаро равишда кириш визаси талабидан озод қилиш тўғрисида келишувга эришган ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида битим тузилган.
Бунда ташқари, Иордания Божхона бошқармаси ва Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ўртасида товарлар ва транспорт воситаларининг ҳаракати бўйича олдиндан онлайн ахборот алмашинуви тўғрисида баённома имзоланган.
Шу билан бирга, Иордания Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Иордания Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ўртасида ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасида ҳайвонлар саломатлиги ва ветеринария соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим тузилган.
Шунингдек, Иордания ва Ўзбекистон ўртасида 1996 йил 24 ноябрда имзоланган ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш баённомаси бўйича келишувга эришилган. Иордания Вақф ва исломий ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ўзаро англашув меморандуми, Иордания Вақфлар ва исломий ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.