ХАБАРЛАР

Япония дипломатияси раҳбари Ўзбекистонга келяпти

Япония Ташқи ишлар вазири Такеси Ивая 26-27 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Вазир ташрифи олдидан “Япония Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ва дўсти бўлиб қолмоқда” номли мақоласини эълон қилди.

У мақоласида Ўзбекистонга келиш бир неча йиллик орзуси бўлганини ва бу амалга ошаётганидан хурсанд эканини билдирган.

“Ўзбекистон ва Японияни бир неча минг километр қуруқлик ва денгиз ажратиб турганига қарамай, ўтган йиллар давомида халқларимиз маданий ва этник яқинлик туйғусини сақлаб, мустаҳкамлаб келмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг кўп сонли японияликлар собиқ Совет Иттифоқи томонидан интернирланган эди. Шунга қарамай, Ўзбекистондаги япониялик ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида илиқ муносабатлар шаклланди. Японлар кўмагида барпо этилган Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг маҳобатли биноси икки давлат ўртасидаги дўстлик тимсолига айланди. Эшитишимча, 1966 йилда Тошкентдаги зилзила пайтида ушбу бино зарар кўрмай қолган ва ҳозирда шаҳар аҳолисининг опера ва балет томоша қилиш маскани бўлиб хизмат қилмоқда”, дейди дипломат.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йилда Япония ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди. Япония ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон тараққиётини изчил қўллаб-қувватлаб келади ва доимо унинг ишончли ҳамкори ҳамда дўсти бўлиб келмоқда.

Билдирилишича, Япония томонидан Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган муаммолар, жумладан, мураккаб иқлим шароитида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва технологиялар билан таъминлаш орқали ўз-ўзига бўлган ишончни қўллаб-қувватлаш режаси ишлаб чиқилмоқда.

Маълум қилинишича, Такеси Ивая эртага, 27 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов учрашади. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи стратегик мулоқоти доирасида сиёсат, иқтисодиёт ва маданият каби турли соҳалардаги муносабатларни янада ривожлантириш, халқаро чақириқларга биргаликда жавоб бериш масалалари юзасидан самимий фикр алмашилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan