
АҚШ ҳукумати тижорат юк машиналари ва олис йўналишга қатновчи хорижлик ҳайдовчиларга ишчи визаларини беришни тўхтатди.
«Тижорат юк машиналари ҳайдовчиларига ишчи визалар беришни дарҳол тўхтатамиз. АҚШ йўлларида катта тиркамали юк машиналарини бошқараётган хорижлик ҳайдовчилар сони ортиб бораётгани америкаликлар ҳаётини хавф остига қўймоқда», — деб ёзди Қўшма Штатлар давлат котиби Марко Рубио X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Қолаверса, чет элдан борган ҳайдовчилар америкалик ҳамкасбларининг «нонини яримта қилаётгани»ни ҳам Рубио қўшимча қилган.
АҚШ президенти Доналд Трамп шу йил апрелида узоқ йўналишга қатновчи юк машиналари ҳайдовчиларидан инглиз тилини билиш талаб қилинувчи фармонга имзо чеккан эди. Янги фармонга кўра, иш берувчиларга инглиз тилини билмайдиган ҳайдовчиларни ишдан бўшатиш талаби қўйилган.