Доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 168 сўмга (1,3 фоиз) арзонлашди. 25 август куни амалда бўладиган 12 357 сўмлик расмий курс – 2024 йилнинг 6 январидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.Ўзбекистон Марказий банки 25 августдан бошлаб хорижий валуталарнинг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматини белгилади. АҚШ доллари курси кунлик савдолар якунига кўра яна 56,7 сўмга ўз қийматини йўқотди.

Умуман олганда, доллар курси кетма-кет учинчи савдо куни сўмга нисбатан пасайиб, деярли 168 сўмга (1,3 фоиз) — 12 525 сўмдан 12 357 сўмга арзонлашди. Бу – 2024 йилнинг 6 январидан (12 355 сўм) бери қайд этилган энг паст кўрсаткич.
Йил бошидан буён миллий валута АҚШ валутасига нисбатан 4,2 фоизга мустаҳкамланди. Таққослаш учун, 2024 йилнинг мос даврида сўм 2,6 фоизга (12 352 сўмдан 12 677 сўмга) қадрсизланган эди.
Кун давомида Америка валутасини 12 430 сўмдан бошлаб сотиб олиш мумкин бўлди.
Айни пайтда сўм курсининг мустаҳкамланишига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ошиши, асосий ҳамкор давлатлар миллий валуталарининг барқарорлашиши ва олтин нархининг қимматлашиши фонида экспортнинг ўсиши ва савдо тақчиллигининг қисқариши каби омиллар таъсир қилаётган бўлиши мумкин.