ЖАМИЯТ

Пробация тизими: суд билан ҳамкорликдаги янгиликлар ва ислоҳотлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жиноят – ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар кенг кўламда амалга оширилмоқда. Улар орасида пробация институти алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, жазони ижро этишнинг замонавий шакли сифатида ҳуқуқбузар шахсларни жамиятдан ажратмасдан, қайта тарбиялаш ва ижтимоий ҳаётга мослаштиришни мақсад қилади. Судлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу тизим ҳозирги кунда изчил ривожланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси Аъзамберди Аликулов томонидан туман ички ишлар бўлими Пробация хизматида назорат остида бўлган шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилиб, унда назорат остидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, келгусида такрор жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этмасликлари, шунингдек суд томонидан қўйилган чекловларга риоя этишлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Хусусан, 2024 йил 7 августда қабул қилинган “Пробация тўғрисида”ги қонунга кўра, пробация хизмати Ички ишлар вазирлиги таркибида ташкил этиганлиги, суд ҳукмлари ва қарорлари асосида муайян шахслар пробация ҳисобига қўйилиши мумкинлиги, назорат муддатида электрон браслетлардан фойдаланиш тизими йўлга қўйилганлиги, бу ислоҳотлар суд ҳукмларини адолатли ҳамда шаффоф ижро этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг такрорланишини камайтиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Статистик маълумотларга кўра, Узун туман ички ишлар бўлими ҳисобида 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида 300 тадан ортиқ шахс пробация назорати остида бўлган. Бу эса ушбу тизимнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Пробация тизими суд ҳокимияти билан узвий ҳамкорликда фаолият юритиб, жиноят содир этган шахсларни қайта тарбиялаш, уларни жамиятга қайтариш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда самарали воситага айланмоқда.

Сўнги ислоҳотлар – янги қонун қабул қилиниши, пробация ходимларига кенг ваколатлар берилгани, озод этилган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши ҳамда рағбатлантириш тизимининг йўлга қўйилиши – мазкур институтнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Пробациянинг амалга оширилиши фақат жазо ижросини таъминлаш эмас, балки жамиятда тинчлик, ҳуқуқий онг ва адолатни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Тадбир якунида жиноятни такрорламаслик, ҳуқуқбузарликдан йироқ юриш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳақида иштирокчиларга чуқур ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, масъуллар томонидан уларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича ва асосли жавоблар берилди.

АЛИКУЛОВ АЪЗАМБЕРДИ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan