ЖАМИЯТ

Бевосита мулоқотлар – муаммолар ечими!

Ангор туманида вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Нарманов, вилоят прокурори Б.Бабаджанов, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи Ш. Зокиров ҳамда туман ҳокими Қ.Мардонов иштирокида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Дастлаб, солиқ соҳасидаги сўнгги янгиликлар, хусусан Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига берилаётган имкониятлар ҳамда Солиқ кодексининг айрим моддаларига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Жумладан 2025 йил 1 майдан ўз фаолиятини ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига – 1 йил давомида ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши, 2028 йил 1 январга қадар кичик тадбиркорлик субъектлари биринчи фаолият йили давомида илк бор содир этган савдо ва тадбиркорлик соҳаларига оид маъмурий ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликдан озод этилиши тушунтирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ангор туманида фаолият юритаётган 20 дан ортиқ тадбиркорлар ўз бизнес тоифасини йириклаштирди. 10 га яқин бўш турган объектлар ишга туширилиб, турли муаммо ва қийинчиликлар сабаб вақтинча фаолиятини тўхтатган 179 нафар тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қайта тикланди.

Тадбир давомида хусусий сектор вакилларининг сув солиғи, мол-мулк ва ер солиғи, солиқ ҳисоботларини топшириш ва имтиёзлардан фойдаланиш тўғрисидаги мурожаатлари тингланиб, айримлари жойида ҳал этилди. Бироз вақт ва ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.

Якунда иштирокчиларга солиқларнинг мамлакат ривожи ва халқ фаровонлигини таъминлашдаги муҳим ўрни ва солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажаришнинг муҳим аҳамияти яна бир бор эслатиб ўтилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan