
Ҳар бир ота-она фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг таълим-тарбияси ҳамда моддий таъминоти учун масъулдир. Афсуски, орамизда ўзининг ана шу бурчини унутиб қўяётганлар ҳам йўқ эмас.
Шу каби Ангор туманида алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган 4 нафар қарздорларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими давлат ижрочиси Сайёра Тожиеванинг сўзларига кўра ушбу қарздор алимент тўловчилар фарзандларининг моддий таъминотига масъулиятсиз муносабатда бўлиб, ундирувчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.
Мисол учун, туманнинг Юқори Таллимарон маҳалласида яшовчи Акмал Тўраев турмуш ўртоғидан ажрашганидан сўнг, алимент ундириш тўғрисида 2023 йилдаги суд ҳужжатидан хабардор бўлса-да, икки нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотига бефарқ муносабатда бўлиб келган.
Қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш ҳужжатлари суд органларига тақдим этилди ва А.Тўраев жами 30 миллион сўмга яқин алиментдан қарздор эканлиги аён бўлди.
Суд жараёнида тарафларнинг ҳамда иштирокчиларнинг фикр мулоҳазалари тингланиб, қарздор отага нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Очиқ суд мажлисида худди шу каби яна уч нафар қарздор алимент тўловчиларнинг иши кўриб чиқилиб, уларга нисбатан ҳам белгиланган тартибда маъмурий жазо тайинланди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига Алимент ва унга тенглаштирилган тўловлар ундируви билан боғлиқ ишлар Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан назоратга олинган.